Қозоғистонда 2,3 миллиондан зиёд аҳолига 42 500 тенгедан ёрдам пули берилади. Бу ҳақда Kazinform хабар қилган.
«19 август соат 09:00 ҳолатига кўра, июль ойида чеклов чоралари жорий этилгани сабабли 2 миллион 575 минг кишидан ариза келиб тушган, ҳозиргача 2 миллион 362,1 минг одамга ёрдам пули тўлаб берилган», – дейилади агентлик хабарида.
Қозоғистонда ижтимоий суғурта жамғармасидан тўловлар учун аризалар бир нечта каналлар орқали қабул қилинади. 2 миллион 362,1 мингта мурожаатнинг 834,7 мингтаси тўловларни проактив равишда амалга оширишга розилик билдирган. 672,4 минг киши «Egov.kz» портали ва Telegram-ботлар орқали 405,6 минг киши «42500.enbek.kz» порталидан, 662,2 минг киши эса иккинчи даражали банкларнинг мобил иловалари ҳамда интернет ресурслари орқали ариза берган.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев топшириғига биноан, 2020 йил июль ойида карантин чоралари жорий этилгани туфайли ишлайдиган ва карантин туфайли даромадидан айрилган қозоғистонликларга 42 500 тенге (Ўзбекистон Марказий банки томонидан 2020 йил 18 августда белгиланган расмий курс бўйича 1 миллион 37 минг 85 сўм) миқдорида бир марталик тўлов амалга оширилмоқда.
Қозоғистонда фавқулодда ҳолат режими даврида апрель ойининг ўзида аҳолининг 4 миллион 250 нафари 42 500 тенгедан ёрдам пули олган. 570 дан ортиқ аҳолига озиқ-овқат тўплами берилган. Умумий ҳисобда 1,1 миллион киши озиқ-овқат билан таъминланган.
Изоҳ (0)