Бир неча кун олдин интернетда жанозаси ўқилиб, дафн этилган аёлнинг орадан бир неча кун ўтиб, фарзандларига қўнғироқ қилгани ҳақидаги ҳикоя кенг тарқалди.

«Cоvid-19 (Ўзбекистон)» деб сарлавҳа қўйилган ҳикояни «Зулфия Маҳмуд» Telegram канали эълон қилди.

Онамни тоблари қочгач, шифохонага ётқиздик. Эртаси куни онамнинг вафот этганлари хабари келди. Жасадни олгани шифохонага уч киши бўлиб бордик. Қора целлофанга ўралган жасадни қўлимизга тутқазишди ва очмаслик кераклигини таъкидлашди. Улар айтгандек қилиб, онамни очмадик. Йиғлаб-йиғлаб, дуо қилиб, кўмиб қайтдик. Уйимиз мотамга айланди.

Орадан 4-5 кун ўтгач, телефоним жиринглади. Олсам онам! «Ўғлим, нега мендан хабар олмаяпсизлар?», сўрадилар ғамгин. Шокка тушиб қолдим. Шифохонага учиб бордим. Шифокорлар ўлим кўплигидан адашиб кетишганини айтиб, узр сўрашди. Биз бегона жасадни кўмиб келган эканмиз. Онам тирик эдилар. Онамни сиқиб бағримга босиб йиғладим. Онам тузалиб, оиламиз бағрига қайтдилар, алҳамдулиллаҳ...

Ҳикояда дафн этилган жасад кимга тегишли эканлиги ва унинг кейинги тақдирига аниқлик киритилмаган. «Дарё» мухбири ушбу ҳодиса юзасидан «Зулфия Маҳмуд» канали администратори билан боғланиб, ҳодиса қачон ва қаерда юз бергани ҳақида маълумот сўради. Администратор онаси билан ушбу ҳодиса юз берган эркак розилик бермагани учун у ҳақида маълумот бера олмаслигини маълум қилди. Эркак «улар каби бундай ҳолатга тушганлар кўплиги, шифохоналардан суриштириш мумкинлиги»ни ҳам айтган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдириб, бемор вафот этган тақдирда ҳеч қачон бирор шифокор уни шундай чиқариб яқинларига бериб юбора олмаслигини, бундай ҳолат юз берган тақдирда ўша ходимга нисбатан чора кўрилишини маълум қилди.

«Биринчидан, жасадни унинг яқинларига бериш жараёнига даволовчи шифокор аралашмайди. Иккинчидан, барча ишлар патологик анатомия муассасасида белгиланган тартибда бажарилади. Қолаверса, муассаса ходими жасадни ўрашдан олдин, албатта, унинг юзини яқинларига кўрсатиб, аниқлик киритади. Барча жараёнлар ҳужжатда тўла акс этади», — дейди Республика патологик анатомия маркази директори, профессор Ражаббой Исроилов.

ССВнинг алоҳида қайд этишича, ҳозирги кунда коронавирусдан вафот этган беморларни дафн этиш жараёнлари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Республика санитария эпидемиологик осойишталик агентлиги ходимлари иштирокида амалга оширилади.

«Ҳурматли юртдошлар, айни вақтда барчамиз коронавирус хавфини яхши сезиб турибмиз. Уни бартараф этиш учун мамлакатимиз раҳбарияти ва соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари ҳамда ходимлари томонидан барча чоралар кўрилмоқда. Шундай шароитда турли хил миш-миш ва асоссиз хабарларга ишониб қолмаслигингизни сўраб қоламиз.

Инсонлар ҳаёти ва қадр-қимматига дахл қилувчи ҳолатлар аниқланса, унга сабабчи бўлганлар қонун олдида жавоб беради. Асоссиз хабарлар тарқатиб, одамлар орасида ваҳима уйғотишга уринганлар ҳам ўз жазосини олади», — дейилади ССВ муносабатида.