Ўзбекистонда 13 август соат 23:30 дан 14 август соат 23:30 гача коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 694 та ҳолат қайд этилди. Кетма-кет саккизинчи кун кунлик касалланиш ҳолати 700 га етмаяпти. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 34017 нафарга етди.

ССВ ҳисоби бўйича 221, «Дарё» ҳисоби бўйича 230 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланган 694 кишининг 667 нафари коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган:

  • Тошкент шаҳрида — 404 нафар;
  • Тошкент вилоятида — 159  нафар;
  • Самарқанд вилоятида — 35 нафар;
  • Қашқадарё вилоятида — 14 нафар;
  • Наманган вилоятида — 12 нафар;
  • Хоразм вилоятида — 12 нафар;
  • Сирдарё вилоятида — 10 нафар;
  • Андижон вилоятида — 8 нафар;
  • Навоий вилоятида — 6 нафар;
  • Фарғона вилоятида — 5 нафар;
  • Қорақалпоғистон Республикасида — 2 нафар.

Шунингдек, Ўртасарой карантин марказида хориждан келган 27 нафар фуқаро орасида COVID-19 аниқланган.

Кун давомида 11 та ҳудудда янги касалланиш ҳолати қайд этилди. 3 августдан бери биринчи марта бир кунда касаллик аниқланган ҳудудлар сони 10 тадан ошди.

Тошкент шаҳрида 404 кишида коронавирус аниқланди. Август ойининг ортда қолган 14 куни ичида Тошкентда энг кам касаллик аниқланган кунда (2 август) 325 кишида, энг кўп касаллик аниқланган кунда (9 август) 509 кишида COVID-19 қайд этилди. 1—14 август оралиғида пойтахтда (карантин зонасида аниқланган ҳолатларни ҳисобга олмаса) 5891 та янги ҳолат аниқланди. 15 августдан Тошкент шаҳридаги жамоат транспортининг барча турлари, шу жумладан, Тошкент метрополитенининг ерости қисми ҳамда йўналишли таксилар ўз фаолиятини қайта тикламоқда.

Тошкент вилоятида 159 кишида COVID-19 қайд этилди. Вилоятда 23 июлдан бошлаб ҳар куни касалликка чалиниш ҳолатлари қайд этилмоқда, 26 июлдан бери эса ҳар куни коронавирусга чалинганлар сони 100 нафардан ошмоқда (икки марта 200 тадан ҳам ошди). Август ойининг 14 куни ичида Тошкент вилоятида (карантин зонасида аниқланган ҳолатларни ҳисобга олмаса) 2161 кишида коронавирус аниқланди. Тошкент вилояти коронавирусга чалинганлар сони 5000 нафардан ошган иккинчи ҳудуд бўлди. Вилоятдаги касалланганларнинг умумий сони 5156 нафарга тенг.

Самарқанд вилоятида 35 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятда август ойининг ўзида 454 кишида коронавирус қайд этилди. Солиштириш учун, 4 та ҳудуд (Қорақалпоғистон, Жиззах, Хоразм, Фарғона)да эпидемия мавсуми бошидан буён бунча ҳолат қайд этилмаган. Ҳозирда Самарқандда коронавирусга чалинганлар сони 1392 нафарга етди.

Қашқадарё вилоятида 14 кишида COVID-19 аниқланди. Вилоятда август ойида 187 кишида коронавирус аниқланди, бу Қашқадарёдаги жами касалланиш ҳолатларининг 21 фоизига тенгдир.

Наманган вилоятида 12 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда август ойида 67 кишида коронавирус аниқланди. Бу Наманган вилоятидаги жами касалланиш ҳолатларининг 8 фоизига тенг деганидир.

Хоразм вилоятида 12 кишида COVID-19 қайд этилди. Вилоятда 7 августдан бери энди касалланиш ҳолати аниқланди. Август ойи давомида вилоятда 59 та янги ҳолат қайд этилди. Тошкент шаҳрида эса бу вақт ичида деярли 100 баравар кўп (5891 та) касалланиш ҳолати аниқланди.

Сирдарё вилоятида 10 кишида коронавирус аниқланди. Сирдарёда охирги 5 кун ичида ҳар куни янги касалланиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Бу кунларда касалланганлар сони 10—15 нафар оралиғида бўлди. 17 июлдан бошлаб ССВ Сирдарё вилоятининг статистикасини Тошкентдан алоҳида беришни бошлади. Ўша кунгача вилоятда касалланганлар сони 213 нафарни ташкил этган бўлса, ортда қолган 29 кун ичида Сирдарё вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 526 кишига кўпайди ва ҳозирда 739 нафарни ташкил этмоқда.

Андижон вилоятида 8 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда сўнгги 20 кун ичида фақат 8 август куни янги ҳолатлар аниқланмади. Ҳозир Андижонда коронавирусга чалинганлар сони 1140 нафарга етган. Ушбу ҳолатларнинг 145 таси август ойида қайд этилди.

Навоий вилоятида 6 кишида COVID-19 аниқланди. Вилоятда август ойида 58 кишида коронавирус қайд этилди, лекин уларнинг аксарияти соғайишга улгурган. Ҳозирда вилоятда даволанаётган беморлар 29 нафарни ташкил этмоқда. Навоийда коронавирусга чалинганлар орасида вилоят ҳокими Қобул Турсунов ҳам бор. У Тошкентда даволанишни бошлаганига 18 кун бўлди.

Фарғона вилоятида 5 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда 4 кун ичида биринчи марта янги ҳолатлар рўйхатга олинди. Фарғонада коронавирусга чалинганлар сони 307 нафарга етди. Ушбу ҳолатларнинг 56 таси августда аниқланди.

Қорақалпоғистон Республикасида 2 кишида коронавирус қайд этилди. Август ойида Қорақалпоғистонда жами 72 кишида коронавирус аниқланди. Бу Республикадаги жами касалланиш ҳолатларининг 17 фоизига тенгдир.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ кун давомида Тошкент шаҳрида 5 нафар бемор вафот этгани ҳақида хабар берди. Улардан 4 нафари эркак, 1 нафари аёлдир. Бир кун аввал 4 аёл ва 1 эркак вафот этгани ҳақида ахборот берилганди.

Биринчи ўлим. Шайхонтоҳур туманида яшаган 71 ёшли М.О. исмли эркак вафот этган.

Иккинчи ўлим. Яккасарой туманида яшаган 51 ёшли У.П. исмли эркак вафот этган.

Учинчи ўлим. Олмазор туманида яшаган 72 ёшли А.Я. исмли эркак вафот этган.

Тўртинчи ўлим. Яккасарой туманида яшаган 36 ёшли Ф.Р. исмли эркак вафот этган.

Бешинчи ўлим. Юнусобод туманида яшаган 59 ёшли С.М. исмли аёл вафот этган.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 221 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 230 нафарни ташкил этмоқда. Давлат хизматлари агентлиги 15 июль куни Навоий вилоятидаги 61 ёшли ходими Адҳамжон Деҳқонов, Маданият вазирлиги эса 18 июль куни 32 ёшли ходими Акмал Ирисов коронавирус асоратларидан вафот этгани, Олмалиқ шаҳри ҳокимлиги 9 ва 15 июль кунлари шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёлда коронавирус тасдиқлангани ҳақида хабар берган. Шунингдек, 19 июль куни Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири 62 ёшли Марҳабо Аҳмедова, 22 июлда бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаётган 66 ёшли Ҳакимбай Халимов коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинган. 31 июль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси, 53 ёшли Хайриддин Шермуҳамедов, 1 август куни Тойлоқ тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқов, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси «Буюк келажак» кенгаши эксперти Санжар Жалолов 58 ёшида вафот этгани хабар берилди. Бироқ ушбу тўққиз ҳолат ҳақида ССВ томонидан айни вақтгача ахборот берилмаган.

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди.

Айни пайтда коронавирус инфекциясидан даволанаётган 5 135 нафар бемордан 1 289 нафари оғир, 362 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Касалликдан даволаниш

14 август куни Ўзбекистоннинг 10 та ҳудудида коронавирус инфекциясидан даволанаётган беморлардан 1448 нафари соғайди. Кетма-кет тўртинчи кун даволанганлар сони 1000 нафардан ортиқ бўлмоқда. 12 август куни 1569 нафар бемор соғайиб, рекорд ўрнатилганди.

Янги тузалганларнинг

  • 1104 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 256 нафари Тошкент вилоятида;
  • 22 нафари Қашқадарё вилоятида;
  • 21 нафари Самарқанд вилоятида;
  • 17 нафари Сирдарё вилоятида;
  • 10 нафари Андижон вилоятида;
  • 9 нафари Наманган вилоятида;
  • 5 нафар Хоразм вилоятида;
  • 2 нафари Навоий вилоятида;
  • 2 нафари Фарғона вилоятида касалликдан фориғ бўлди.

Уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига аниқлик киритилмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 34 017 нафар бемордан 28 661 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 84 фоизни ташкил этмоқда. Бир кун аввал даволаниш кўрсаткичи 82 фоизга етиб, ёзнинг энг яхши натижаси қайд этилганди. Энди эса эпидемия мавсуми давомидаги энг яхши натижа қайд этилиб, янги рекорд ўрнатилди. 82 фоизлик кўрсаткич май ойида ҳам 3 марта такрорланган, бироқ ундан юқори кўрсаткичга ҳеч қачон чиқилмаганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 5135 нафар бемор COVID-19’дан даволанмоқда. 29 июль куни беморлар сони 9500 дан ортиқ эди. 30 июлдан бошлаб даволанаётган беморлар сони камая бошлади. Айни пайтда даволанаётган беморлар сони 12 июль кунидаги беморлар сонига (ўша куни 5085 нафар бемор даволанаётганди) яқинлашиб қолди.

Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 3850 нафар. Фарғонада 5, Жиззахда 9, Навоийда 29, Қашқадарёда 32, Хоразмда 33, Сурхондарёда 34, Қорақалпоғистонда 37, Наманганда 38, Андижонда 47, Сирдарёда 53, Бухорода 77, Самарқандда 101 ва Тошкент вилоятида 790 нафар бемор қолди.

Тошкент шаҳрида кетма-кет учинчи кун коронавирусдан соғайганлар 1100 дан ошган бўлса, Тошкент вилоятида 7-кун кетма-кет тузалганлар сони 200 дан ортиқ бўлмоқда. Иккала ҳудудда ҳам коронавирусдан даволанаётганлар сони 17 июлдан бери минимумга тушди. Ўша куни ССВ Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларининг статистикаларини алоҳида бера бошлаганди. 17 июль ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрида коронавирусдан даволанаётганлар 4654 нафарни, Тошкент вилоятида 884 нафарни ташкил этаётганди.