Тошкент шаҳрида Labo юк машинаси иштирокида содир бўлган йўл транспорт ҳодисаси оқибатида бир киши тан жароҳати олди ва яна бир киши воқеа жойида вафот этди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси хабар қилган.
Ҳодиса 11 август куни, тахминан, соат 11:30 да Чилонзор тумани Бунёдкор кўчасида содир бўлган. Ҳайдовчи 20 ёшли А.Н. Labo’ни бошқариш давомида бошқарувни йўқотиб, реклама устуни билан тўқнашган. Ҳодиса сабаблари аниқланмоқда.
ЙТҲ оқибатида бадани шикастланган ҳайдовчи шифохонага ётқизилган. Йўловчи — 31 ёшли Тошкент вилоятида яшаган Б.С. воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган.
Мазкур факт бўйича Жиноят кодексининг 266-моддаси (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Аввалроқ Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида икки Nexia тўқнашиши оқибатида бир киши ҳалок бўлгани, Жиззахда Lada Largus ҳамда Isuzu юк машинаси иштирокида юз берган йўл транспорт ҳодисаси оқибатида енгил автомобиль ичидаги икки нафар аёл вафот этгани, Қамчиқ довонида ҳайдовчининг ҳушёрликни йўқотиши оқибатида Cobalt йўлдан чиқиб кетгани, Бухорода носоз «Москвич» ариққа тушиб кетиши оқибатида икки киши ҳалок бўлгани ва Жиззахда Lada Largus ҳамда Isuzu юк машинаси иштирокида ЙТҲ содир бўлиши оқибатида икки нафар йўловчи вафот этгани ҳақида хабарлар берилган.
Изоҳ (0)