Ўзбекистоннинг қарийб 2000 нафар фуқароси яқин 24 соат ичида «Ўзбекистон темир йўллари»нинг иккита поезди билан Россияни тарк этади, деб хабар бермоқда «Gazeta.uz» ҳукуматдаги манбаларига таяниб.
Поездлардан бири Оренбург вилоятидаги «Бузулук» станциясидан жўнайди. Унга йўловчиларни жойлаш Тошкент вақти билан соат 18:00 да бошланган. Ушбу поезд 6 август куни тунда йўлга чиқиб, 8 август куни Тошкентга етиб келиши кутилмоқда.
Иккинчи поезд эса айни пайтда Қозоғистон ҳудудини кесиб ўтмоқда ва тез орада Қозоғистон—Россия чегарасига етиб боради. Поезд Самара вилоятидаги «Кинель» станциясидан йўловчиларни олиб, 7 август куни кечқурун Ўзбекистонга қайтиб келади. Поезд Тошкентга 9 август куни кечаси кириб келади.
Қайд этилишича, ҳар иккала поездга 918 киши жойлаштирилади (жами 1816 киши). 800 нафар ўзбекистонлик бўлган яна бир поезд яқин 24 соат ичида Ростов-Дондан Ўзбекистонга йўл олади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистоннинг коронавирус пандемияси туфайли давлат чегараларини ёпгани оқибатида ватанга қайта олмаган. Аввалроқ Россиянинг Самара вилоятида қолиб кетган қарийб 500 нафар ўзбекистонлик ортга қайтиш учун Қозоғистон чегарасини кесиб ўтишга урингани тўғрисида хабар берилганди. Кейинроқ Оренбург вилояти расмийлари Ўзбекистон фуқаролари 6 август куни чегарани кесиб ўтишлари мумкинлиги тўғрисида маълум қилган.
Июль ўрталарида чегара яқинидаги чодирларда минглаб ўзбекистонликларнинг қолиб кетгани ҳақида хабарлар берилганди. Улар ҳам поезд орқали ватанга қайтарилган.
Изоҳ (0)