Шавкат Мирзиёев 5 август куни ўтказилган йиғилишда соғлиқни сақлаш соҳасида 270 миллион долларлик 14 та лойиҳани жадаллаштиришни тайинлади.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, икки ой муддатда Қорақалпоғистон, Хоразм ва Тошкентда гемодиализ марказларини ташкил этиш бўйича тендерларни якунлаш вазифаси қўйилди. Ушбу лойиҳалар доирасида йилига 1 100 беморнинг умрини 10 йилга узайтириш имкони яратилади. Гемодиализ харажатлари учун бюджетдан йилига 100 миллиард сўм ажратилади.
Мамлакатда ҳар йили 20 мингдан зиёд онкологик бемор рўйхатга олинади. Мутасаддиларга йил якунига қадар 2 та радиотерапия марказини давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш топшириғи берилди.
Шунингдек, йил якунига қадар Нурафшон шаҳрида «қуриш–бошқариш–топшириш» принципи асосида 1 минг ўринли кўп тармоқли клиник шифохона ташкил этиш бўйича лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқиш юклатилди.
Йиғилишда тиббиёт соҳасидан ташқари энергетика, транспорт, коммунал хўжалик соҳасида давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилган.
Изоҳ (0)