АҚШ президенти Дональд Трамп маҳаллий компанияларга TikTok иловасини 15 сентябргача сотиб олишни талаб қилди. Бу ҳақда Reuters хабар қилган.
Трампнинг қайд этишича, ушбу санага қадар TikTok иловаси Microsoft ёки бошқа компания томонидан харид қилинмаса, у ҳолда илова бизнесдан чиқади.
«Агар Microsoft ёки бошқа қайсидир компания иловани сотиб олмаса ёки АҚШ Молия вазирлиги кўп пул ишлаб оладиган келишувни имзоламаса, TikTok 15 сентябрдан бошлаб тақиқланади», — деган АҚШ етакчиси.
Reuters Хитойнинг TikTok’ни ишлаб чиққан ByteDance компаниясидаги ўз манбасига таяниб, компаниянинг АҚШдан ташқарида илованинг штаб-квартирасини тузишни мақсад қилгани ҳақида хабар берган.
Аввал Microsoft компанияси раҳбари Сатя Наделла Дональд Трамп билан иловани сотиб олиш масаласини муҳокама қилгани ва бу борадаги музокаралар давом этаётганини маълум қилганди.
АҚШ давлат котиби Майкл Помпео мамлакатда TikTok’нинг блокланиши ҳақида июль бошида гапирганди. Унинг сўзларига кўра АҚШ фуқароларига TikTok’ни эҳтиёткорлик билан ишлатиш ва ахборотларнинг хитойлик коммунистлар ихтиёрига ўтмаслигига ҳушёр бўлишни тавсия қилганди. Кейинчалик Дональд Трамп илованинг мамлакатда тақиқланиши ҳақида гапирган.
Аввалроқ 30 июлда инвесторлар Хитойнинг ByteDance компаниясига тегишли TikTok сервисини 50 миллиард долларга баҳолагани, 1 августда Microsoft TikTok сервисини сотиб олиш бўйича музокаралар ўтказаётгани ва АҚШ президенти Дональд Трамп ижтимоий тармоқни мамлакат ҳудудида тақиқлаш ниятида эканлигини маълум қилгани ҳақида хабарлар берилганди.
Изоҳ (0)