2021 йилнинг бошига бориб Россия фармацевтика саноати ҳар ой коронавирусга қарши вакциналарни бир неча миллион дозада ишлаб чиқаради. Бу ҳақда мамлакат саноат ва савдо вазири Денис Мантуровга таяниб, «РБК» хабар берди.
«Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилда ишга тушириладиган шартномалар ҳисобига ҳар ой бир неча юз минг вакцина дозаси билан таъминлай оламиз, кейинги йил бошига бориб эса, ишлаб чиқариш ҳажми ойига бир неча миллионга етади. Ушбу режалар амалга ошиши учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз», — дейди вазир.
Унинг сўзларига кўра, Гамалей номидаги эпидемиология ва микробиология миллий тадқиқотлар маркази томонидан яратилган вакцинани саноат даражасида ишлаб чиқариш сентябрь ойида бошланади. Ҳозирда марказ Владимир, Ярослав ва Москва вилоятидаги учта компания билан дори воситасини серияли ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш бўйича иш олиб бормоқда.
Бундан ташқари, Мантуровнинг таъкидлашича, 2020 йилда Россияда сунъий нафас олдириш аппаратларини ишлаб чиқариш бўйича тарихий рекорд ўрнатилади. Аппаратларни 12-15 минг дона ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Аввалроқ Гамалей маркази томонидан ишлаб чиқилган коронавирус вакцинасининг клиник синовлари якунлангани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Қозоғистонда COVID-19’га қарши биринчи эмлаш ўтказилган.
Изоҳ (0)