COVID-19 касаллигини юқтириб олгани хабар қилинган Бразилия президенти Жаир Болсонарунинг топширган таҳлиллари «манфий» натижа кўрсатди ва у коронавирус инфекциясидан тузалди. Бу ҳақда Болсонарунинг ўзи Twitter’да маълум қилган.
Болсонарунинг хабар қилишича, ПЗР тести «манфий» натижа кўрсатган. У пост остига ўзининг стол устида ҳаммаси зўр эканлигини ишора қилиб, тестни кўтариб турган суратини юклаган.
65 ёшли сиёсатчи июль бошида коронавирус юқтириб олганди. У иситмаси кўтарилгани ва ҳолсизлигини айтган. Тест эса Болсонарунинг COVID-19 юқтириб олганини тасдиқлаганди. Мамлакат президентида пневмония бошлангани айтилганди.
Бразилия президенти касаллангангунига қадар коронавирус инфекциясининг хавфли эканини инкор этган ва касалликни «шамоллашга ўхшаш бир дард» деб атаганди. Шунингдек, у мамлакатда коронавирус падемияси сабаб чекловлар жорий қилинишига ҳам қарши чиққан.
Бразилия бутун дунёда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони бўйича АҚШдан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Мамлакатда 2,28 миллиондан ортиқ киши COVID-19 билан касалланган.
Изоҳ (0)