Қирғизистоннинг Чуй вилояти Жани-Жер қишлоғида жойлашган 19-колонияда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаров вафот этди. Бу ҳақда Kloop нашри хабар тарқатган.
Азимжон Асқаров 69 ёшда эди ва маълумотларга кўра охирги кунларда унинг соғлиғи кескин ёмонлашган. Адвокат Валерьян Вахитовга журналистларга бир неча марта мижозининг оғир аҳволда экани, юра олмаётгани ва деярли овқат емай қўйганини хабар қилганди. Вахитов Асқаровнинг глюкоза инъекцияси орқали озиқланганини билдирган. Аммо шунга қарамай ҳар сафар Жазони ижро этиш давлат қўмитаси бир умрлик қамоқ жазосига маҳкум этилган инсон ҳуқуқлари ҳимоячисининг соғлиғи жойида эканини маълум қилган.
Азимжон Асқаров — Қирғизистондаги энг машҳур инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан бири, у 10 йилдан буён қамоқхонада эди. У 2010 йил 15 июнда Қирғизистон жанубидаги миллатлараро зиддият туфайли оммавий тартибсизликларни ташкил қилганлик ва милиция ходимининг ўлдирилишида иштирок этганликда айбланиб, ҳибсга олинган. 15 сентябрда суд Асқаровни бир умрга озодликдан маҳрум қилган, бироқ у ўз айбдорлигини тан олмаганди.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Асқаровга нисбатан куч ишлатилгани, зўравонлик қилингани, инсон ҳуқуқлари ҳимоячисига нисбатан суд иши адолатсиз тарзда кўриб чиқилганини қайд этган. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Асқаровга нисбатан жазонинг бу қадар оғир бўлганини унинг бевосита милиция томонидан фуқароларга нисбатан қилинган зўравонликлар юзасидан журналистик суриштирувлар ўтказгани ва уларни фош этгани билан боғлаган, деб ёзмоқда Kloop.
2016 йилда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қирғизистон ҳукуматидан Асқаровга нисбатан қўлланилган жазони бекор қилиш ва уни гаров эвазига озод этишга чақирган, аммо ушбу масала очиқ қолган эди.
Изоҳ (0)