АҚШдаги Республикачилар партияси сенаторлари 27 июль куни коронавирус тарқалиши фонида Америка иқтисодиётини қўллаб-қувватлашга қаратилган 1 триллион долларлик янги пакет лойиҳасини тақдим этиш ниятида. Бу ҳақда мамлакат молия вазири Стивен Мнучинга таяниб, «РБК» хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, республикачи-сенаторлар томонидан таклиф этилган ташаббус Оқ уй томонидан максимал даражада қўллаб-қувватланган. Ҳозирда лойиҳанинг фақатгина техник масалалари ишлаб чиқилмоқда.
«Бир триллион долларлик пакет ичидан устувор ва шошилинч масалалар ўрин олган», — дейди вазир. Мнучиннинг таъкидлашича, олдинда Демократлар партиясидан бўлган қонун чиқарувчилар билан ҳал этилиши керак бўлган муҳокамали масалалар мавжуд. Унинг сўзларига кўра, демократларнинг позицияси сабаб иш ҳақи бўйича солиқни камайтириш таклифи лойиҳага киритилмаслиги мумкин.
АҚШ молия вазирининг қайд этишича, пакетдан Америка оилалари учун янги тўловлар ҳам ўрин олган. Вазирнинг аниқлик киритишича, 1200 доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри тўловлар бундан олдинги иқтисодиётни рағбатлантириш қонун лойиҳаси формуласи асосида амалга оширилади. Яъни йилига 75 минг долларгача ишлаб топадиган ҳар бир фуқарога ёрдам пули тўлиқ тўланади, 100 минг доллардан ортиқ ишлаб топадиганлар эса давлатдан ҳеч нарса олмайди.
Эслатиб ўтамиз, март охирида АҚШ Конгресси Сенати COVID-19 коронавирус пандемияси шароитида АҚШ компаниялари, аҳолиси ва соғлиқни сақлаш тизимини иқтисодий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қонун лойиҳасини бир овоздан маъқуллаб, 2,2 триллион доллар миқдорида маблағ ажратган эди. Апрель ойида эса Конгресс иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга яна 484 миллиард доллар ажратиш тўғрисидаги дастурни маъқуллаганди.
Изоҳ (0)