23 июль куни соат 10:00 ларда Андижон тумани «Қурама» МФЙ ҳудудидан ўтувчи А-373 Тошкент—Ўш автомобиль йўлининг 485-километрида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотлар кўра, 23 ёшли фуқаро бошқарувидаги Nexia-3 машинаси қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб Spark транспорт воситаси билан тўқнашув содир этган. Ушбу вақтда яна бир Spark транспорт воситасида ҳаракатланиб келиб Nexia-3 автомобилига келиб урилган.
Натижада, биринчи Spark автомобиль ҳайдовчиси А.А. ҳамда унинг онаси Ф.А.(1958 йилда туғилган) оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган. Ушбу автомашина йўловчиси 1986 йилда туғилган Д.Х. тан жароҳатлари олиб шифохонага ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Андижон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда Lacetti ва DAF юк автомашинаси тўқнашуви оқибатида 2 киши, Тошлоқдаги тошли йўлда Nexia-2’нинг тут дарахтига урилиши оқибатида бир йўловчи вафот этгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)