Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Коронавирусга чалинган Тошкент шаҳрида яшовчи 51 ва 42 ёшли эркаклар вафот этгани ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Биринчи ўлим. Юнусобод туманида яшовчи 51 ёшли В.Т. исмли эркакда 5 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва у Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекцияси, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик сепсис, ўткир нафас ва юрак-қон томир, полиорган етишмовчилиги каби асоратлар билан кечган. Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси ҳамроҳ касалликлари билан ҳам оғриган.

Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.

«Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак-қон томир етишмовчилигидан вафот этган», — дейилади ССВ хабарида.

Иккинчи ўлим. Учтепа туманида яшаган 42 ёшли С.С. исмли эркакда 17 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва у ўта оғир аҳволда Вирусология илмий-текшириш институти клиникаси реанимация бўлимига ётқизилган ва сунъий нафас олдириш аппаратига ўтказилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Беморда касаллик сепсис, ўткир нафас етишмовчилигининг 4-даражаси, ўткир юрак-қон томир етишмовчилиги, полиорган етишмовчилиги каби асоратлар билан кечган.

Шунингдек, у юрак ишемик касаллиги, ‘стабиль’ зўриқиш стенокардияси, қандли диабетнинг декомпенсация босқичи каби ҳамроҳ хасталиклар билан ҳам оғриган.

Беморга мутахассислар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар ўтказилган, даволаш жараёни белгиланган стандартлар асосида олиб борилган.

Бироқ ҳамроҳ касалликлар фонида касаллик асоратлари ҳисобига беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан у ўткир нафас ва юрак-қон томир етишмовчилигидан вафот этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида беморлар қайси куни оламдан ўтганига аниқлик киритилмаган. Вазирлик 19 июль тонгида коронавирусга чалинган тошкентлик 60 ёшли ҳамширанинг вафот этганини тасдиқлаганди. Ҳамшира Феруза Тўхтаеванинг вафоти ҳақида 18 июль куни Олмазор тумани ҳокимлиги хабар берганди.

ССВ статистикаси бўйича коронавирус асоратларидан вафот этганлар сони 90 нафарга етди, «Дарё» ҳисоб-китобига кўра эса Ўзбекистондаги ўлим ҳолатлари 92 тани ташкил этмоқда. Давлат хизматлари агентлиги 15 июль куни Навоий вилоятидаги 61 ёшли ходими Адҳамжон Деҳқонов, Маданият вазирлиги эса 18 июль куни 32 ёшли ходими Акмал Ирисов вафот этганини эълон қилган, бироқ ушбу ҳолатлар ССВ томонидан айни вақтгача тасдиқлангани йўқ.

Шунингдек, таниқли режиссёр Сарвар Каримов 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Ижтимоий тармоқларда «Саноатқурилишбанк»нинг Олмазор тумани ходими Умида Усмонова 17 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабар тарқалди. Банк матбуот хизматининг «Дарё»га маълум қилишича, ходим икки томонлама пневмония оқибатида ҳаётдан кўз юмган, унинг коронавирусга топширган тести жавоби ҳали чиқмаган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Аҳолининг валюта айирбошлашга йўналтирган пул маблағлари ҳажми 68 фоизга ўсди — Марказий банк
Маҳаллий
Самарқандда 2 киши овқатдан заҳарланиб вафот этди
Маҳаллий
Тошкентда автобуснинг юрган масофасига қараб тўлов қилиш тизими йўлга қўйилади