Таниқли режиссёр Сарвар Каримов Twitter’даги саҳифасида ўзи ва оила аъзолари COVID-19’га чалингани, отаси коронавирус инфекциясидан вафот этганини маълум қилганди.
Режиссёрнинг 18 июль куни билдиришича, айни пайтда у акаси ва синглиси билан бирга Юнусободдаги Нуроний санаторийсига ётқизилган.
«Мени, акамни ва синглимни Юнусободдаги Нуроний санаторийсига олиб келиб жойлашди. 8 та қаватга битта инфексионист ва иккита терапевт бор экан. Бечораларнинг аҳволи бизникидан баттар. Бошқа врачлар йўқ, уколлар йўқ, аппаратлар йўқ. Сабр қилишдан бошқа иложимиз ҳам йўқ», — деб ёзган у Twitter’даги саҳифасида.
Аввалроқ Сирдарё вилояти мусиқали драма театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Адҳам Абдуллаев вафот этгани хабар қилинган, кейинчалик санъаткорнинг коронавирус билан касалланиб ҳаётдан кўз юмгани ойдинлашганди. Хонанда Каниза эса коронавирусга чалинганини билдириб, соғлиқни сақлаш тизимини танқид қилганди.
Ўзбекистон адлия вазири маслаҳатчиси, блогер Шаҳноза Соатова ўзида коронавирус белгилари кузатилаётган бўлса-да, тест топшира олмаётганини ҳикоя қилган, кейинчалик касалликдан уй шароитида қандай даволанаётганини айтиб берган.
Президент Шавкат Мирзиёев 17 июль, жума куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишда коронавирусни енгиш учун ҳар ким ўзи, оиласи, фарзандларининг соғлиғи ва тақдири учун аввало ўзи масъул эканини чуқур англаши кераклигини таъкидлаганди.
Изоҳ (0)