Тошкент шаҳри ҳокимлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббий ускуналар ва тиббий мақсадда фойдаланиш учун Damas автомобилларини сотиб олди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
«COVID-19 пандемияси билан самарали курашиш учун шифохоналарни зарур ресурслар билан таъминлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 40 дона ўпкани сунъий нафас олдириш аппаратлари, 120 дона болалар учун ва 80 дона катталар учун СИПАП аппаратлари, 70 мингта комбинезон, 70 мингта ниқоб, 20 мингта баҳила, 5 мингта қалпоқ, 3 мингта кўзойнак, 150 мингта қўлқоп харид қилинди», – дейилади хабарда.
Шунингдек, 50 дона Damas русумли автомобиллар харид қилинган бўлиб, улардан 25 таси тез тиббий ёрдам хизматига, 23 таси туманлар СЭОМларига, 2 таси руҳий касалликлар шифохоналарига тақсимланиши маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 15 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида видеоселектор бўлиб ўтди. Селектор давомида коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва даволаш бўйича Тошкент шаҳридаги ишларни талаб даражасида ташкил этмагани, эпидемиологик вазиятнинг салбий ўзгаришларига тайёр бўлишни таъминламагани, бу касаллик билан «пастга тушиб» мукаммал шуғулланмагани учун Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга ҳайфсан эълон қилинди.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)