Атиги бир ой бурун коронавирус борлигига шубҳаланган, «танишларимнинг таниши орасида ҳам вирус юқтирганлар йўқ», деб қарашларини «асослаган»лар бугун саросимага тушди. Чунки таниган-билган одамларимиз вирус юқтириб олди. Коронавирус қутургандан қутурмоқда. Дайжестимизнинг асосий мавзуси яна маккор вирус.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди собиқ директори, «ФФФ назарияси» билан эътибор қозонган журналист Саид Абдулазиз Юсупов 8 июль куни ҳибсдан озодликка чиқди. У 2019 йилнинг 10 май куни Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан айбланиб, қўлга олинган эди. Юсуповнинг адвокатининг айтишича, мижози етказилган зарарни қоплагани учун озодликка чиқарилган. Ҳозир Юсупов раҳбарлик қилган жамоат фонди фаолият кўрсатмаётгани айтилади.

Фото: Facebook

* * *

COVID-19 инфекциясини назорат қилиш тобора қийинлашмоқда. Шифохоналар беморлар билан тўлиб кетди. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов телевидениега берган интервьюсида вазиятни тан олиб, «Лекин касаллик авж оладиган бўлса, тиббиёт тизими оғир вазиятга тушиб, бошқа йўналишдаги ёрдамлар тўхтаб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳозир ҳаммамиз тенг ҳаракат қилиб, касаллик тарқалиб кетишининг олдини олиб, оғир беморлар сонини, шифохоналарга тушадиганларни камайтиришимиз керак», деб айтди. Шодмонов, шунингдек, коронавирус тарқалиши энг юқори чўққисига чиқмаганини айтганди.

8 июль куни Шавкат Мирзиёев коронавирус масаласида мамлакат аҳолисига мурожаат қилди ва «бу жуда мураккаб синов ва оғир кураш бўлади», деди. Президент жойларда карантин талабларига риоя қилинмаётганлигини алоҳида таъкидлади.

Шундан сўнг коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашаётгани сабабли 10 июлдан 1 августгача мамлакатда қатъий карантин чоралари жорий қилинди. 10 июлдан тўйлар, оилавий ва оммавий тадбирлар тақиқланди, автотранспорт ҳаракати чекланди, буюм бозорлари ва болалар боғчалари ёпилди, халқаро авиақатновлар икки бараварга қисқартирилди, коронавирусдан уй шароитида даволанаётганларга тиббий ёрдам бериш учун мобил гуруҳлар ташкил этилди, Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари эпидемиологик тоифаси «қизил» бўлди. Дарвоқе, 20 кун ичида режалаштирилган тўйларнинг барчаси 9 июлда ўтказиб юборилгани мамлакатимизда ғаройиб шодиёна руҳини яратди.

Бу орада коронавирус Ўзбекистон интернет оламининг бир қатор вакилларига, ҳукумат мансабдорларига юқиб улгурди. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов коронавирус инфекцияси билан касалланганини маълум қилди ва интернетдаги саҳифаси орқали тузалишга оид маслаҳатларини берди. Адлия вазирининг маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова Telegram-каналида «Ярим кун СЭС эшигида сарғайиб, тест топширолмай қайтдим. Зарурми шу тест менга, бўлди, ўзим учун қарор қилдим, менда катта эҳтимол билан COVID-19», деб ёзди ва оиласида барча иситмалаганини эслаб ўтиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарата қатор танқидларини баён қилди.

Ўртасарой карантин мажмуасидаги фуқаролар белгиланган муддат якунига етган бўлса-да, уйга рухсат берилмаганини айтиб норозилик видеосини тарқатди. Видео муаллифи карантинда сақланаётган фуқароларнинг саволларига ҳеч ким жавоб бермаётганини айтади. «Йигирманчи (июнь) куни келдик. Бугун 18 кун бўлди. Кеча тушликдан бери ҳеч ким бизга овқат бергани йўқ. Болаларимиз билан оч ётибмиз. Қачон бу ердан кетамиз? Кимга учрашсак бўлади?», — дейди видеода карантин дарвозасини тепаётгани кўринган аёллардан бири. Шундан сўнг Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари мажмуага бориб, ҳаммаси яхши, дея изоҳ берди.

Айни вақтда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш учун 1,7 триллион сўм йўналтирилган. Маблағлар қандай мақсадларга сарфланаётганлигини инфографикадан кўришингиз мумкин.

Фото: «Юксалиш»

Фото: «Юксалиш»

Коронавирусга қарши кўчаларни дезинфекциялаш ва дезинфексион тоннеллар орқали машиналарни ўтказиш орқали курашилмоқда. Бироқ бу усуллардан самара йўқ ёки жуда ҳам озлиги бот-бот айтилмоқда. Бу бўлмаса қайси усулни қўллаш керак? Фақат шахсий гигиена талабларига қатъий риоя этиш ва масофа сақлаш орқали одам ўзини вирусдан сақлаш мумкин.

Фото: Telegram / «Xushnudbek.uz»

11 июль куни антирекорд янгиланди —486 кишида коронавирус аниқланди. Янги беморлар: 391 нафари — хориждан келган (карантин муассасаларида), 95 нафари — аҳоли орасида. 2020 йил 12 июль куни кўрсаткич бироз паст бўлди — 484 кишида вирус аниқланди. Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 12 997 тани ташкил этмоқда.

* * *

Хусусий мақомдаги Akfa университетига Қибрайда энг қиммат жойдан текинга 30 гектар ер майдони ажратиб берилаётгани бу ҳафта жамоатчилик диққат марказига тушди. Бўлғуси университетда ўқиш пулли ҳисобланади. Оддий ер участкасининг бир сотихи 7 минг доллар турувчи ҳудуддаги ер текинга берилиши жамоатчиликда эътироз уйғотди. Ушбу мавзуни блогер ва иқтисодиёт мутахассиси Барногул Санақулова оммага кўтариб чиқиши ортидан унга инстаграм таниқлилари, хусусан, актриса Ҳалима Ибрагимова «кругозорни кенгроқ олинг», дея танбеҳ беришга тушди. Шоу-бизнес вакиллари Akfa университетини ёқлаб, халққа келтирадиган фойдаси ҳақида тушунтиришга уринди. Шунга қарамай, халққа фойдали, бироқ ижарада ўтирган кўплаб ташкилотлар, нашриётлар, ўқув марказлари мавжудлиги ҳеч кимга сир эмас. Шундай ҳолатда Akfa университетига мўмай имтиёз тақдим этилиши ва шоу-бизнес юлдузлари томонидан ҳимояга ўтилиши кишида шубҳа уйғотади. Давлат активлари савдосининг бу қадар жадаллашуви оқибатларини ўйлаш фойдадан холи эмас.

Дайжестимиз сўнгида коронавирус инфекцияси тиббиёт тизимимизни фалажлашига жуда оз қолганини яна бир бор эслатиб ўтамиз. Экспоненсиал равишда ўсиб бораётган вирус тарқалиш графигига боқинг, ҳар куни янгиланаётган антирекордларни, кунига 3-5 тадан ўлимларни ёдда тутинг. Вирус тарқалишини тўхтатиш сизнинг қўлингизда. Ниқоб тақинг. Уйда қолинг.