«Бунёдкор» клуб футболчиси коронавирус юқтириб олганликда гумон қилинганидан сўнг Суперлига 9-тури доирасидаги «Бухоро» — «Бунёдкор» учрашуви номаълум муддатга қолдирилди.

Фото: «Дарё»

Мазкур ҳолатга ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев изоҳ бериб ўтди.

««Бунёдкор» футболчиси вирус юқтириб олган бўлиши мумкин. Жамоанинг қолган аъзолари ўзларини яхши ҳис қилмоқда. Аммо шунга қарамай, улар ҳам тест топширишига тўғри келади. Бу борада аниқ маълумотлар чиққунига қадар қолган жамоаларнинг хавфсизлиги нуқтаи назаридан «Бунёдкор» иштирокидаги учрашув ўтказилмайди.

Ҳозирча ваҳима қилиш ўринсиз. Тақвимдан «Бунёдкор»нинг қолдирилган ўйини учун жой топиб беришнинг ҳозирча имкони бор. Қолган учрашувлар эса давом этади», — дейди Имомхўжаев.

Шунингдек, мутасадди лиганинг кейинги тақдири ҳақида фикр билдирар экан, Россия Премьер Лигасида «Ростов» клуби билан бўлган ҳолат кузатилмаслигини маълум қилди.

«Биз учун қолган 13 жамоанинг учрашувларга шай ҳолатда бўлиши жуда муҳим.

«Ростов» билан бўлган воқеа сабаб Россия футболи бутун дунё учун мавзу бўлди. Биз Россия футболи босиб ўтган йўлдан максимал даражада ўрнак олмасликка ҳаракат қиламиз. Бизнинг ўз йўлимиз бор, агар гап жаҳон тажрибаси ҳақида кетса, футболи ва умуман бошқа соҳалари ривожланган мамлакатлар йўлини ўрганишимиз мумкин.

ПФЛ учун биринчи навбатда футболчилар ва умуман аҳоли саломатлиги муҳим, ундан кейингина футбол. Биз футбол учрашувларини давом эттириш йўлида максимал даражада ҳаракат қиляпмиз ва бу борада барча футбол клубларидан гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишни сўраймиз», — дейди Имомхўжаев.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида «Ростов»нинг олти нафар ўйинчисида коронавирус инфекцияси мавжудлиги аниқланиб, бутун жамоа ва мураббийлар штаби икки ҳафталик карантинга олинганди. «Ростов» эса «Сочи»га қарши ўйинда ўринбосарлар ва 17 ёшли футболчилар билан ўйнашга мажбур бўлган ва 1:10 ҳисобида ютқазганди.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!