Оғирлиги 100 граммдан камроқ, ҳар қандай юзага у қадар катта бўлмаган ёзувларни чоп этишга қодир Selpic P1 принтери тақдим этилди, деб хабар беради «Hi-Tech.Mail.ru».
Стационар принтерлардан фарқли ўлароқ бу маркер каби ишлайди — уни варақ ёки бирор юза устига юргизиш кифоя. Биринчи навбатда, у матнларни, QR-кодлар ёки кичик ўлчамдаги суратларни чоп этишда қўл келади.
Ихчам принтер тасвирларни 600 DPI сифатда чоп этади — бу оддий суратлар ёки кичик матнлар учун етарли ҳисобланади. Унинг картрижида олти хил ранг мавжуд бўлиб, ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, бу А4 ўлчамдаги 90 та вараққа етади. Қурилмани бир марта қувватлантириш орқали 3 соат тинимсиз ишлатиш мумкин.
Selpic P1 принтери Wi-Fi орқали смартфондаги иловага уланади. Шунингдек, унга бирор матн ёки суратни чоп этиш учун юбориш мумкин. Шундан сўнг принтерни ёқиш ва бирор юзага уни маркер каби юргизиш керак.
Энг ихчам принтер дея эътироф этилаётган Selpic P1 Indiegogo краудфандинг майдончасига қўйилган. Уни 89 доллар эвазига олдиндан буюртма қилиш мумкин. Картриж нархи қанча бўлиши ҳозича номаълум.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда хитойлик кимёгарлар оддий принтер ёрдамида бир неча марта матн ва рангли суратлар чоп этиш ва уларни ўчириш мумкин бўлган қоғоз кашф этган эди.
Мавзуга доир: Moto Z смартфонини принтерга айлантиришади
Изоҳ (0)