Ўзбекистонда 6 июль соат 23:30 дан 7 июль соат 23:30 га қадар коронавирусга чалинганлар сони 308 кишига ошди. Ўзбекистонда кетма-кет 5-кун кунлик касалланганлар сони 300 нафардан ошмоқда. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 10 670 нафарга етди.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланганларнинг

  • 187 нафари карантин муассасаларида (хориждан келиб карантинга олинганлар — 35 нафар, Тошкент шаҳрида — 88 нафар, Тошкент вилоятида — 16 нафар, Бухоро вилоятида — 15 нафар, Сирдарё вилоятида — 15 нафар, Навоий вилоятида — 12 нафар, Қорақалпоғистонда — 6 нафар);
  • 117 нафари аҳоли орасида (Тошкент шаҳрида — 101, Тошкент вилоятида — 7, Қорақалпоғистонда — 5, Жиззах вилоятида — 2, Қашқадарё вилоятида — 2);
  • 4 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида (Қорақалпоғистонда — 3, Тошкент вилоятида — 1) аниқланган.

Кун давомида 8 та ҳудудда янги касалланганлар қайд этилди. Ушбу ҳудудларнинг 5 тасида аҳоли орасида коронавирус аниқланди. Аҳоли орасида 117 та янги касалланиш ҳолати кузатилди. Июль ойининг ўзида аҳоли орасидаги касалланиш ҳолатлари бешинчи марта 100 нафардан ошди. 7 кун ичида аҳоли орасида 704 та янги ҳолат аниқланди.

Тошкент шаҳрида 189 та янги ҳолат қайд этилди. Пойтахтда бундан ҳам кўп касалланиш ҳолати роппа-роса бир ой олдин — 7 июнь куни қайд этилган бўлиб, ўшанда 195 кишида касаллик аниқланганди. 7 июль куни қайд этилган янги ҳолатларнинг 88 таси карантиндагилар орасида, 101 таси аҳоли орасида аниқланди. Пойтахтда 4 кун ичида учинчи марта аҳоли орасидаги ҳолатлар 100 нафардан ошмоқда — 4 июль куни 105 кишида, 6 июль куни 101 кишида касаллик аниқланганди.

Тошкентда июль ойининг бошидан бери 856 кишида коронавирус аниқланди. Ўзбекистонга коронавирус кириб келгандан буён водийнинг уч вилояти ва Жиззах вилоятида аниқланган ҳолатларни қўшса ҳам бундан кам одамда касаллик қайд этилган. Коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишни мувофиқлаштирувчи Фарғона вилояти штаби ҳам вилоятда 6 июль куни қайд этилган 3 та ҳолатдан 2 тасида фуқаролар коронавирусни Тошкент шаҳрида юқтириб олган деган хулосага келган.

Тошкент вилоятидаги карантин марказларига хориждан келиб жойлаштирилган 35 нафар фуқарода коронавирус тасдиқланди. Шунингдек, Тошкент вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида 16 та, аҳоли орасида 7 та, халқаро юк машинаси ҳайдовчилари орасида 1 та ҳолат аниқланди.

Бухоро вилоятида аниқланган 15 та ҳолатнинг барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида аниқланди. Вилоятда анчадан буён бир кунда 15 кишида касаллик қайд этилмаётганди. Бунақаси июнь ойида ҳам кузатилмаган. Охирги марта 1 май куни Бухорода бир кун ичида 20 кишида касаллик аниқланганди. Июль ойида Бухорода қайд этилган 34 та ҳолатдан 28 таси карантиндагилар орасида, 6 таси аҳоли орасида аниқланган. Ҳозирда Бухорода касалликка чалинганларнинг умумий сони 555 нафарга етди.

Сирдарё вилоятида ҳам аниқланган 15 та ҳолатнинг бари карантиндагилар орасида қайд этилди. Вилоятда ой бошидан бери 50 кишида касаллик аниқланди. Улардан 26 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида, 7 таси аҳоли орасида ва 17 таси халқаро юк машинаси ҳайдовчилари орасида қайд этилди.

Қорақалпоғистонда 14 та янги ҳолат аниқланди. Улардан 6 таси карантинга олинганлар орасида, 5 таси аҳоли орасида ва 3 таси халқаро юк машинаси ҳайдовчилари орасида қайд этилди. Республикада 28 июнь ва 1 июль кунлари ҳам аҳоли орасида касаллик қайд этилганди. Бир кун олдин Қорақалпоғистондаги шифохоналарда фақат бир нафар бемор қолиб, ушбу республика коронавирусдан холи ҳудудга айланишга яқин турганди. Қорақалпоғистонда май ва июнь ойларида ҳам бир кунда 14 кишида касаллик аниқланмаётганди.

Навоий вилоятида аниқланган 12 та ҳолатнинг барчаси карантиндагилар орасида қайд этилди. Навоийда 11 июнь куни аҳоли орасида 18 та касалланиш ҳолати қайд этилганидан сўнг вилоятда аниқланаётган янги ҳолатлар коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида қайд этилмоқда. 15 июнда 5, 18 июнда 6, 19 июнда 4, 24 июнда 5 ва 27 июнда 3, 2 июль куни 6 (Навоийдаги биринчи ўлим ҳолати қайд этилган беморда ҳам шу куни касаллик аниқланган) ва 4 июль куни 6 кишида касаллик аниқланганди.

Жиззах вилоятида аҳоли орасида 2 та ҳолат қайд этилди. Жиззах шаҳар ҳокимлиги ходимлари COVID-19 тестидан ўтказилганда уларда ва раҳбариятида коронавирус инфекцияси аниқланмаган. Аммо «Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш маркази» Жиззах шаҳар бўлимининг 1 нафар ходимида COVID-19 инфекцияси аниқланганлиги сабабли «Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш маркази» Жиззах шаҳар бўлими ва шаҳар ҳокимлиги биноси карантинга олинган.

Жиззах шаҳрида карантин талабларини кучайтириш тўғрисида Жиззах вилоят ҳокими Эргаш Солиевнинг қарори қабул қилинди. Шаҳардаги истироҳат боғлари фаолияти тўхтатилади ва фуқароларнинг боғ ҳудудига кириши тақиқланади. Автотранспорт воситаларининг махсус рухсатномасиз фақат куннинг муайян вақтида соат 07:00 дан соат 10:00 гача ва соат 17:00 дан соат 20:00 гача ҳаракатланишига рухсат этилади. Шунингдек, барча савдо шохобчалари, чойхона, ресторан, кафе ва бошқа умумий овқатланиш жойлари, сартарошхона ва гўзаллик салонлари ҳамда ўқув курслари фаолияти карантин тадбирлари тугагунга қадар тўхтатилади.

Қашқадарё вилоятида ҳам аҳоли орасида 2 та ҳолат аниқланди. Вилоятда охирги марта 23 июнь куни аҳоли орасида касалланиш ҳолати қайд этилганди. 5 июнда вилоятга коронавирус қайтганидан сўнг, асосан карантиндагилар орасида касаллик қайд этилаётганди. 5 июндан 7 июлгача Қашқадарёда қайд этилган 198 та ҳолатдан 185 таси карантиндагилар орасида, 13 таси аҳоли орасида аниқланган.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

7 июль куни коронавирусдан вафот этган уч нафар бемор ҳақида маълумот берилди. Улардан икки нафари эркаклар, бир нафари аёл.

Биринчи ўлим. Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи 61 ёшли О.Н. 27 июнь куни коронавирусга чалинган бемор билан бирламчи мулоқотда бўлганлиги сабабли вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган ва даво муолажалари бошланган.

Унга COVID-19 инфекцияси оғир кечиши ташхиси қўйилган. Касаллик икки томонлама пневмония, ўткир нафас етишмовчилигининг 3-даражаси асорати билан кечган. Бемор бундан аввал сурункали буйрак етишмовчилиги, гипертония касаллиги, юрак ишемик касаллиги, ўткир миокард инфаркти билан ҳам оғриган.

Шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир нафас ва ўткир юрак-қон томир етишмовчилигидан вафот этган. 61 ёшли аёл коронавирусдан вафот этган Самарқанддаги 3, Ўзбекистондаги 38-бемор бўлди.

Иккинчи ўлим. Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшовчи, 79 ёшли Х.Б. исмли эркак 19 июнь кунидан тана ҳарорати кўтарилиб, йўтал безовта қилган. Шунга қарамай, мутахассисларга мурожаат қилмасдан бир ҳафта давомида уйида даволанган.

2 июль куни эса биринчи маротаба оилавий поликлиникага мурожаат қилган. Фуқародан COVID-19 инфекциясига намуна олинган ва хонадонида дезинфекция ишлари амалга оширилган. Унга COVID-19, юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония, паркинсонизм касаллиги ташхиси қўйилган.

Шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди. 79 ёшли эркак коронавирусдан вафот этган Тошкентдаги 24, Ўзбекистондаги 39-бемор бўлди.

Учинчи ўлим. Навоийда юз берган илк ўлим ҳолати ҳақида вилоят ҳокими Қобул Турсунов маълум қилди. Кейинроқ Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати беморнинг ёши, жинси ва унга қўйилган ташхис ҳақида маълумот берди. Ушбу хабарларни кун охирида ССВ тасдиқлади.

Вазирлик хабарига кўра, Навоий шаҳрида яшовчи 38 ёшли Х.Ш. исмли эркак 2 июль куни коронавирус инфекциясига намуна топширган ва унинг касаллиги тасдиқланган. Бемор шу куннинг ўзидаёқ шифохонага ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекцияси оғир кечиши, икки томонлама пневмония, 1—2-даражали нафас етишмовчилиги ташхиси қўйилган. Қўшимча гипертония касаллигининг 3-даражаси, артериал гипертензия ташхиси ҳам қўйилган. Касаллик ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигининг 3—4-даражаси, ўткир бош мия ва ўпка шиши каби асоратлар билан кечган. Бемор 2019 йилдан буён гипертония касаллиги билан назоратда турган.

Шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилиги, ўткир бош мия ва ўпка шиши оқибатида вафот этди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарга кўра, вафот этган бемор «Саноат қурилиш банк»нинг Навоий вилояти филиали бошқарувчиси ўринбосари Хуршид Шабоновдир.

Хуршид Шабонов коронавирусдан вафот этган Навоийдаги биринчи, Ўзбекистондаги 40-бемор бўлди.

Учала беморнинг ҳам ўлим санаси ҳақида маълумот берилмади. Қобул Турсунов 6 июль куни Навоий вилояти аҳолисига қилган мурожаатида вилоятдаги илк ўлим ҳолати кеча содир бўлганини айтган. Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабарида эса 6 июль куни беморнинг аҳволи ўта оғирлашиб қолгани айтилган. Хабарда, шунингдек, реанимацион муолажаларга қарамай беморнинг биологик ўлими қайд этилгани маълум қилинган. Бироқ ўлим санаси келтирилмаган. ССВ хабарида эса саналардан фақат бемор шифохонага ётқизилган кун — 2 июль тилга олинган.

Кетма-кет учинчи кун Ўзбекистон шифохоналарида 3 нафардан бемор вафот этаётгани ҳақида хабар берилмоқда. Июль ойи бошидан бери ССВ 14 нафар беморнинг вафот этгани ҳақида хабар берди. Июль Ўзбекистонда коронавирусдан энг кўп одам вафот этган ойга айланди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3819 нафар бемордан 24 нафари оғир, 13 нафари эса ўта оғир аҳволда. Бир сутка аввал аҳволи оғир беморлар 25, аҳволи ўта оғир беморлар 13 нафарни ташкил этаётганди. Бу орада эса 3 кишининг вафот этгани ҳақида хабар берилди.

Касалликдан даволаниш

7 июль давомида 121 нафар фуқаро соғайди. Улардан 59 нафари Тошкент шаҳрида, 54 нафари Қашқадарё вилоятида, 6 нафари Жиззах вилоятида ва 2 нафари Бухоро вилоятидаги тиббиёт муассасаларида шифо топди.

Жиззахда иккинчи кун кетма-кет касалликка чалинганлар шифохонани тарк этмоқда. Жиззахда бугунгача охирги касалланиш ҳолатлари 29 июнь ва 2 июль куни қайд этилганини ҳисобга олсак, беморлар жуда тез соғайди деса ҳам бўлади.

Қашқадарё вилоятида июль ойининг ўзида 99 киши шифохоналарни тарк этди. 2 июль куни вилоятда 45 киши коронавирусдан соғайиб чиққанди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 10 670 нафар бемордан 6811 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 63 фоизни ташкил этмоқда. Уч кундан буён бу борадаги кўрсаткичлар 1 фоиздан тушиб бормоқда. Даволаниш кўрсаткичи май ойининг бошидан бери энг паст кўрсаткичга тушиб қолди.

Айни вақтда 3819 нафар бемордан 3312 нафари Тошкентда даволанмоқда. Фарғонада 3, Жиззахда 12, Қорақалпоғистонда 15, Хоразмда 23, Наманганда 24, Қашқадарёда 30, Бухорода 47, Навоийда 54, Самарқандда 93, Сурхондарёда 94 ва Андижонда 113 нафар бемор қолди.

Карантиндагилар

Ҳозирда Ўзбекистонда уй карантинида 44 713 нафар, стационар карантинда эса 25 032 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди. Бир сутка аввал карантиндагилар ҳақида маълумот берилмаганди. 5 июлдаги кўрсаткичлар билан таққосланса, уй карантинидаги фуқаролар сони 1818 нафарга, стационар карантиндаги фуқаролар сони 11 нафарга кўпайди. Уй карантинида кузатувга олинган фуқаролар сони биринчи марта 44 мингдан ошди.