Ўзбекистонда коронавирусни аниқлаш бўйича сўнгги бир кунда 17 937 та, умумий ҳисобда эса 1 246 691 та тест ўтказилди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбонов 3 июль куни АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифингда маълум қилди.

Фото: «Дарё»

Ботир Қурбонов, шунингдек, Ўзбекистондаги коронавирусга чалинганлар билан боғлиқ вазият ҳақида ҳам маълумот берди. Унинг айтишича, айни пайтда мамлакатда жами 9 199 нафар фуқарода коронавирус қайд этилган. Беморларнинг 6 034 нафари тўлиқ соғайган, 3138 нафари даволанмоқда. Улардан:

  • 8 нафари – ўта оғир;
  • 16 нафари – оғир;
  • 230 нафари – ўрта оғир;
  • 165 нафарида пневмония;
  • 2854 нафари – қониқарли ҳолатда.

Эпидемик вазият нохуш бўлган ҳудудлардан келган ва беморлар билан мулоқотда бўлган 65 207 нафар фуқаро саломатлиги устидан тиббий назорат давом этмоқда. 41 173 нафар фуқаро уй шароитида, 24 034 нафар фуқаро стационар шароитда карантинга олинган.

Маълумот учун, 15 март, яъни Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси бошланганидан бери жами 27 нафар бемор касаллик асоратлари оқибатида ҳаётдан кўз юмган.