Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган Isuzu D-Max пикаплари негизида тез тиббий ёрдам машиналари тайёрланади. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» компанияси маълум қилди.
Хабар берилишича, SamAvto заводида ишлаб чиқарилаётган машиналар қатори Isuzu D-Max негизидаги янги тез тиббий ёрдам автомобиль модели билан тўлдирилди.
Компаниянинг таъкидлашича, ушбу автомобиль мазкур муҳим фаолият учун айни муддао ҳисобланади, машина ўз хусусиятлари ҳамда ишончлилиги ва тежамкорлиги билан ажралиб туради.
Ушбу автомобиль тиббиётнинг айнан зарур бўлган йўналишига қараб, талаб ва кўрсатмаларга мувофиқ қўшимча ускуналар билан жиҳозланиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Isuzu D-Max пикапларининг ишлаб чиқарилиши 2019 йилнинг март ойида маълум бўлганди. 2020 йилнинг январь ойида эса Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пикапларнинг нархлари эълон қилинганди.
Аввалроқ 2020 йилнинг июль ойидан Ўзбекистонда Volkswagen Caddy автомобилларини ишлаб чиқариш ва унинг сотуви бошланиши ҳақида хабар берилганди. Кейинроқ Volkswagen Ўзбекистонда Skoda автомобилларини ҳам ишлаб чиқариши маълум қилинди.
Изоҳ (0)