Наманган вилояти Поп туманида яшовчи Ҳозировлар хонадонида бир йўла 4 ўғил, эгизаклар дунёга келди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилган.

Фото: «Янги Ўзбекистон»

Уларнинг отаси Баҳодир Ҳозиров 31 ёшда, онаси Мадина Икрамова 30 ёшда. Улар 2016 йил 26 октябрда турмуш қурган.

Чақалоқлар Наманган вилояти перинатал марказида дунёга келган.

«Онага туғруқ жараёнига қадар замонавий перинатал технологиялар бўйича барча замонавий ёрдам кўрсатилди. Болаларни соғ-саломат она қўлига топшириш мақсадида тажрибалар шифокорларимиз билан туғруқ режасини тузиб олдик. Туғруқ жараёни учун барча зарур ҳозирлик кўрилди. Ҳар бир болага тўлиқ тиббий ёрдам кўрсатиш учун алоҳида мутахассислар ва аппаратлар тайёрланди. Натижада мураккаб амалиёт самарали якунига етказилди», – дейди вилоят перинатал маркази директори Ирода Муҳитдинова.

Фото: «Янги Ўзбекистон»

Маълум бўлишича, биринчи бола 902 грамм, иккинчиси 1360 грамм, учинчи 1701 грамм, тўртинчи ўғил эса 1400 грамм оғирликда туғилган.

«Айни пайтда онанинг ҳам, чақалоқларнинг ҳам аҳволи яхши бўлиб, марказ шифокорлари назоратида малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда», – дейилади ССВ хабарида.

Аввал 2019 йил сентябрь ойида Бекободда тўрт эгизак: икки нафар ўғил ва икки нафар қизалоқ дунёга келганди.