«Манчестер Юнайтед» Англия чемпионатининг 31-туридан ўрин олган учрашувда «Шеффилд Юнайтед»ни 3:0 ҳисобида мағлуб этди.
«Қизил иблислар»нинг ҳар учала голига ҳам ҳужумчи Антони Марсьяль муаллифлик қилди. Бу Марсьяль учун инглиз клуби сафидаги ва умуман клуб даражасидаги (284-ўйин) илк ҳет-трик бўлди.
Қайд этиш жоиз, «Манчестер Юнайтед»нинг ҳеч бир футболчиси сўнгги етти йилда Премьер Лига доирасида ҳет-трик қайд этмаганди (263 ўйин). Бундан 7 йил аввал, 2013 йилнинг апрель ойида Робин ван Перси «Астон Вилла» дарвозасини уч бор ишғол қилганди.
Антони Марсьяль шу тариқа жорий мавсумда барча мусобақалардаги голлари сонини 19 тага етказиб олди ва ўз шахсий рекордини янгилади. Бунгача унинг энг яхши натижаси (2015/16 йилги мавсум) 17 та голга тенг эди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)