Жаҳоннинг биринчи рақамли ракеткачиси Новак Жокович коронавирусга йўлиқди.
Хорватияда бўлиб ўтган мусобақадан сўнг сербиялик теннисчининг COVID-19 таҳлили ижобий натижа берган. Шунингдек, унинг турмуш ўртоғи Елена Жоковичда ҳам инфекция борлиги маълум бўлган.
Коронавирусга чалинганини билган Жокович хавфсизлик қоидаларига риоя қилмасдан мусобақалар сериясини ташкил қилгани учун узр сўради.
«Сўнгги ойларда биз ташкил қилган барча нарса чин юракдан ва яхши ниятлар билан қилинганди. Adria Tour мусобақаси фаолиятини бошлаётган ва аллақачон танилишга улгурган жануби-шарқий Европадан бўлган ўйинчилар учун мўлжалланган бўлиб, коронавирус туфайли расмий мусобақалар бекор қилингани сабаб ташкил этиланди.
Мусобақадан тушган барча маблағ муҳтож инсонларга берилиши режалаштирилганди. Биз мусобақани эпидемия пасайган вақтда ташкил қилгандик ва барча зарурий қоидаларга амал қилаётганимизга ишонгандик.
Афсуски, вирус ҳали ҳеч қаерга кетмаган — бу бизни яшашга ва муаммоларни ҳал қилишга ўргатадиган янги реаллик. Умид қиламанки, вақт ўтиши билан вазият ўзгаради ва биз одатий ҳаёт тарзига қайтамиз.
Ҳар бир коронавирусга чалиниш ҳолати учун кечирим сўрайман. У ўзидан асоратлар қолдирмаслиги ва барча тезда тузалиб кетишига умид билдириб қоламан.
Мен 14 кун мобайнида изоляцияда бўламан, 5 кундан кейин эса қайта тест топшираман», — дейди Жоковоич.
Маълумот учун, ушбу мусобақада теннисчи Григор Димитров ва унинг мураббийи, Виктор Троицки ва унинг ҳомиладор аёли, шунингдек, Борна Чорич ҳамда Жоковичнинг жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийи вирусга йўлиққан.
Аввалроқ мусобақа иширикочиларида коронавирус аниқлангани сабаб, улар билан мулоқотда бўлганлардан таҳлил олиш бошланган. Бироқ Жокович ўзини яхши ҳис қилаётганини айтиб коронавирусга тест топширишдан бош тортган ва Сербияга жўнаб кетганди.
Изоҳ (0)