Республика махсус комиссиясининг қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тегишли ҳудудда карантин қоидаларига тўлиқ риоя этилишини таъминлаш учун шахсан жавобгар эканликлари белгиланди. Бу ҳақда «Коронавирус инфо» канали хабар бермоқда.

Бунда тегишли ҳудудда карантин талабларини таъминламаганлиги туфайли фуқароларга коронавирус инфекцияси тарқалишига йўл қўйган раҳбарларга лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий таъсир чораси қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилди.

Республика махсус комиссияси қарори билан жамоат транспортида ва тадбиркорлик субъектларида санитария талабларига риоя этилиши устидан назорат кучайтирилади. Шу муносабат билан Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекциясига жамоат жойларида санитария-эпидемиология талабларига риоя этилиши устидан назорат тадбирларини (рейдларни) мунтазам равишда кучайтирилган тартибда ташкил этиб бориш юклатилди.