Республика махсус комиссиясининг қарори билан жамоат транспортида ва тадбиркорлик субъектларида санитария талабларига риоя этилиши устидан назорат кучайтирилади. Бу ҳақда «Коронавирус инфо» канали хабар бермоқда.
Карантин чекловлари шароитида рухсат берилган соҳаларда қайта тикланган тадбиркорлик субъектлари фаолияти мониторинги натижалари айрим ҳолларда санитария-эпидемиологик талаблар бу ҳақда мутасадди ташкилотлар огоҳлантирганидан сўнг ҳам такроран бузилаётганлигини кўрсатмоқда. Жумладан, фуқаролар тана ҳароратини ўлчаган ҳолда объектга киритиш, уларни ижтимоий масофага риоя этган ҳолда жойлаштириш, мунтазам дезинфекция ишларини ўтказиш, ходимларни тиббий ниқоб ва қўлқоп билан таъминлаш каби талабларга етарли даражада риоя этмаслик, тана ҳароратини ўлчамай, тегишли ҳимоя воситалари билан таъминланмаган фуқароларни тўғридан-тўғри ишга жалб қилиш ҳолатлари аниқланмоқда.
Шу муносабат билан Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекциясига жамоат жойларида санитария-эпидемиология талабларига риоя этилиши устидан назорат тадбирларини (рейдларни) мунтазам равишда кучайтирилган тартибда ташкил этиб бориш юклатилди.
Ўзбекистонда 8 июндан бошлаб «сариқ» ва «яшил» ҳудудларда жамоат транспортида шаҳар (туман) ва шаҳар атрофи йўналишлари бўйича автобус ҳаракатларига рухсат берилган эди (Damas, микроавтобус ва метрополитен фаолияти бундан мустасно).
Бироқ бу борадаги мониторинг натижалари автобус салонида ижтимоий масофани сақлаш билан боғлиқ карантин талабларини бузиб, тирбандлик ҳосил қилган ҳолда йўловчи ташиш ҳолатлари учраётганлигини кўрсатмоқда. Бу эса, аҳоли ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳолат сифатида эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Шу муносабат билан Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва Транспорт вазирлигига автобус рейсларида тирбандликка йўл қўймаслик ҳамда бошқа санитария-эпидемиология талабларига қатъий риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш топширилди.
Мавзуга доир:
- Ўзбекистонда коронавирус тарқалишига йўл қўйган раҳбарлар ишдан олинади
- Тошкент шаҳрида коронавирус аниқланган «қизил» ҳудудларга блокпостлар қайта ўрнатилади
- Ўзбекистонга хориждан келган фуқаролар 14 кунлик карантинни ўз ҳисобидан меҳмонхонада ўтказиши мумкин бўлди
- Ўзбекистондаги бозорлар дезинфекция учун ҳафтада бир марта ёпилади. Супермаркетларда бепул қўлқоплар тарқатилиши мумкин
Изоҳ (0)