Бразилияда янги турдаги COVID-19 коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 1 миллион кишидан ошиб кетди. Бу ҳақда 19 июнь куни эълон қилинган расмий статистикага таяниб, «Korrespondent.net» хабар берди.
Маълумотларга кўра, мамлакатда ўтган бир сутка ичида яна 54 771 кишида коронавирус аниқланган бўлиб, бу 16 июнь куни қайд этилган рекорд кўрсаткични (салкам 35 минг киши) янгилаган.
Бутун мамлакатда коронавирус билан касалланганлар сони 1 032 913 кишига етган.
Ҳозирга қадар Бразилияда 48 953 киши коронавирус қурбонига айланган бўлса, 507 мингдан ортиқ бемор даволанишга муваффақ бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Бразилия 13 июнь куни коронавирус қурбонлари сони бўйича дунёда АҚШдан кейинги 2-ўринга чиқиб олган эди. Таъкидланишича, АҚШда коронавирусдан вафот этганлар сони мамлакатнинг Биринчи жаҳон урушидаги қурбонлари сонидан ошиб кетган.
Бразилия 19 май куни коронавирус билан касалланганлар сони бўйича Британиядан ўзиб кетиб, дунёда 3-ўринга чиқиб олган бўлса, 23 май куни Россиядан ўтиб, 2-ўринга кўтарилганди. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги 5 июндан Бразилиядаги коронавирусга оид муҳим статистикани эълон қилишни тўхтатиб қўйган.
Изоҳ (0)