Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси 5-туридан ўрин олган марказий учрашувда «Пахтакор» 19 июнь, жума куни ўз майдонида Тошкентнинг бошқа бир клуби «Бунёдкор»ни қабул қилди.

Фото: «Бунёдкор» ФК

Тошкент дербисининг биринчи дақиқасидаёқ ҳисоб очилди. «Қалдирғочлар» ҳали майдонга мослашиб улгурмасидан Сардор Собирхўжаев ўз номига гол ёздириб қўйди. Шундан сўнг «қалдирғочлар» орадаги фарқни йўққа чиқариш учун қатор ҳужумларни уюштирди ва бироз ҳимояни унутиб қўйди. Бундан эса Драган Черан фойдаланиб, «Бунёдкор»ни икки бор жазолади. Танаффусга 1 дақиқа қолганда эса Эрен Дердийок ҳисобни 4:0 кўринишига олиб келди.

Учрашувнинг иккинчи 45 дақиқалиги дастлабкисига нисбатан сокинроқ бошланди. Шунга қарамай, «шерлар» 62-дақиқага келиб, ҳисобни 5:0 га етказди — Машариповнинг зарбаси Лутфулла Тўраевга тегиб, ўз йўналишини ўзгартириб дарвозадан жой олди. Шу тариқа Тошкент дербисида амалдаги чемпион «Пахтакор» йирик ҳисобда ғалабани қўлга киритди.

«Пахтакор» мазкур ғалабасидан кейин 12 очко тўплаган ҳолда, биринчи ўринга кўтарилиб олган бўлса, «Бунёдкор»нинг очколари (9) ўзгаришсиз қолди.

Суперлига

5-тур баҳси

19 июнь, жума

«Пахтакор» – «Бунёдкор» 5:0

Голлар: 1:0 – 1 Собирхўжаев, 2:0 – 40 Черан, 3:0 – 42 Черан, 4:0 – 44 Дердийок, 5:0 – 62 Тўраев (автогол).

«Пахтакор»: Суюнов, Алижонов (Салимов, 63), Аъзамов, Кримец (Исмаилов, 63), Сайфиев, Ҳамробеков, Собирхўжаев (Собиржонов, 81), Ҳамдамов (Иминов, 81), Черан, Машарипов, Дердийок (Сергеев, 63).

«Бунёдкор»: Абдужалилов, Қобилов, Ғофуров (Қаҳрамонов, 76), Аҳмадалиев, Жалолиддинов (Эркинов, 76), Йўлдошев, Тўраев (Иззатов), Қодирқулов, Тўхтасинов, Нурмуродов (Икромов, 31), Муртазоев.

Огоҳлантиришлар: Машарипов (13), Икрамов (61).

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!