Черногорияда коронавирус пандемиясининг тарқалишига Сербия Кубоги доирасида 10 июнь куни ўтказилган «Партизан» ва «Црвена Звезда» жамоалари ўртасидаги учрашув сабаб бўлган дея тахмин қилинмоқда. Бу ҳақда Blic нашри хабар берди.
Манбага кўра, икки ҳафта олдин Черногория коронавирус пандемиясидан холи ҳудуд эканлигини эълон қилган. Бироқ ушбу ҳафтада мамлакатда касаллик яна тарқала бошлади.
Черногория клиник маркази директори Евто Ераковичнинг сўзларига кўра, мамлакатда рўйхатга олинган тўққизта янги ҳолат четдан олиб кирилган. Шу билан бирга, вирусни юқтириб олганларнинг 7 нафари Белграддаги ўйинда иштирок этгани айтилмоқда.
Шунингдек, Еракович яқин кунларда Черногорияда коронавирус билан оғриган беморлар сонининг янада кўпайиши кутилаётганини таъкидлади.
Сербия кубоги ярим финали доирасидаги Белград дербиси «Партизан»нинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Учрашувни бевосита стадиондан 16 минг томошабин кузатиб борган.
Маълумот учун, Черногория Болқон ярим оролининг ғарбида жойлашган давлат. У шимоли-шарқда Сербия билан чегарадош, шу боис черногориялик мухлислар Белграддаги (Сербия пойтахти) ўйинни томоша қилиш учун борган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)