Тошкентдаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида 21 нафар, Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 11 нафар, 3-сонли туғруқ мажмуасида 3 нафар, жами 35 нафар бемор соғайиб, 16 июнь куни ўз уйларига кузатилди, деб хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати.

Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида тузалганларнинг 16 нафари эркаклар, 5 нафари аёллар бўлиб, ёши каттаси 61 ёшда, кичиги эса 9 ёшда. Ҳудудлар кесимида олинса, Тошкент шаҳрида 6 нафар, Тошкент вилоятида 4 нафар, Наманган вилоятида 3 нафар, Қашқадарё, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида 2 нафардан, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида 1 нафардан бемор тузалган.

Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида тузалганларнинг 9 нафари эркаклар, 2 нафари аёллар бўлиб, ёши каттаси 63 ёшда, кичиги эса 10 ёшда. Ҳудудлар кесимида олинса, Тошкент шаҳрида 3 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона ва Тошкент вилоятларида 2 нафардан, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида 1 нафардан бемор тузалган.

3-сонли туғруқ мажмуасида шифо топганларнинг бири 24 ёшли сурхондарёлик ҳомиладор Санкт-Петербургдан, 21 ёшли асли қашқадарёлик бўлган иккинчи фуқаро эса Москвадан келиб, карантин муассасасида касаллиги аниқланган. Учинчи фуқаро эса 41 ёшли пойтахтлик ҳомиладор коронавирусга чалинганлар билан мулоқот орқали ушбу инфекцияни юқтириб олган.

Шундай қилиб, эндиликда Тошкент шаҳри ва вилоятида 3054 ҳолатда касаллик қайд этилиши баробарида 1989 нафар бемор соғайди.

Бундан аввал Ўзбекистонда коронавирусдан соғайганлар сони 4019 нафарни ташкил этаётганди. Эндиликда улар сони 4054 нафарга етди.

Маълумот учун, 16 июнь соат 17:00 ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 5328 нафарга етди, беморларнинг 19 нафари касаллик асоратлари оқибатида вафот этган.