Пекиндаги «Синьфади» улгуржи бозорда аниқланган коронавирус илгари Уханда аниқланган вирусдан анча юқумли бўлиши мумкин. Бу ҳақда Ухань вирусология университети тиббий бўлими профессори Ян Чжаньцзюга таяниб Global Times хабар берди.

Фото: Nikkei Asian Review

Вирусологнинг таъкидлашича, эволюция давомида вирус заифлашиши ҳам, кучайиши ҳам мумкин. Улгуржи бозорда вирус аниқланганидан кейин тўрт кун давомида касаллик 79 кишида тасдиқланган. Илгари Уханда бундай касалланиш сони вирус аниқланганидан бир неча ҳафта ўтгачгина қайд этилган.

Бундан ташқари, Уханда эпидемия қишда бошланган, ҳозир эса Пекинда вирус тарқалишига қаршилик кўрсатиши лозим бўлган ёзги ҳарорат ҳукм сурмоқда.

Эслатиб ўтамиз Пекиндаги «Синьфади» улгуржи бозорида коронавирус 13 июнь қайд этилганди. Бозор жойлашган Фэнтай тумани ҳамда унга қўшни Хэбэй провинциясининг Баодин шаҳрида ҳарбий ҳолат режими эълон қилинди. Ҳудудда мактаб ва боғчалар фаолияти вақтинча тўхтатилди, аҳоли эса ўзини изоляция қилиш режимига амал қилиши лозим.