Бутун дунё бўйлаб янги турдаги коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 8 миллион кишидан ошиб кетди. Бу ҳақда касаллик тарқалишини реал вақтда кузатиб бораётган Жонс Ҳопкинс университети маълумотларида келтирилган.

Фото: Imago Images

Маълумотларга кўра, бутун дунёда COVID-19 қурбонлари сони салкам 437 минг кишига етган.

Дунёда касалликка чалинганлар сони бўйича АҚШ (2,1 миллион), Бразилия (888 минг), Россия (536 минг), Ҳиндистон (343 минг) ва Буюк Британия (298 минг) давлатлари етакчилик қилмоқда.

Ҳозирга қадар дунё бўйлаб коронавирусга чалинган беморларнинг 3,8 миллиондан ортиғи даволанишга муваффақ бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 29 майда ЖССТ коронавирус инфекциясидан вафот этган беморлар сони 350 минг нафардан ошганини маълум қилган. 26 май куни бутун дунёда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 5,5 миллиондан, 21 майда 5 миллиондан, 31 майда 6 миллиондан, 8 июнь куни эса 7 миллиондан ошиб кетгани хабар қилинган эди.