АҚШ ИШИД террорчилик таҳдидларининг камайгани натижасида Ироқ ҳудудидан ўз ҳарбийларини олиб чиқиб кетиш ишларини давом эттирмоқчи. АҚШ давлат департаменти Ироқ билан стратегик мулоқот сессияларидан кейин эълон қилган баёнотда ҳам ушбу маълумот расмий тасдиғини топган.
«Иккала мамлакат ҳам ИШИД таҳдидларига қарши курашда сезиларли натижаларга эришганини қайд этиб кейинги ойларда АҚШ ҳарбийлари сонини камайтириш ҳамда Ироқ ҳукумати билан мамлакатда қоладиган ҳарбийларни қайси ишларга сафарбар этиш масалалари муҳокама қилинмоқда», — дейилган баёнотда.
АҚШ расмийлари Ироқда мунтазам фаолият юритадиган ҳарбий базаларга эга бўлиш ёки ўз ҳарбийларининг доимий равишда ушбу ҳудудда бўлишининг тарафдори эмаслигини айтган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг январида Ироқ барча хорижлик ҳарбийларнинг ўз ҳудудидан чиқиб кетишини талаб қилган, АҚШ эса бунга жавобан Ироқ ҳудудидаги Эрон генерали Қосим Сулаймонийни Бағдодда ўлдирган. Ушбу воқеадан кейин АҚШ давлат департаменти Ироқдан ҳарбийларни олиб чиқиб кетиш режалаштирилмаганини, Дональд Трамп эса ўз қўшини чиқиб кетадиган бўлса Ироқ ҳукумати мамлакатдаги ҳарбий базалар, элчихоналар қурилишига сарфланган пулларни қайтариши лозимлигини қайд этган.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)