Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Шерзод Асадов Туркия элчиси Меҳмет Сурейя Эр билан 9 июнь куни видеоконференцалоқа шаклида музокаралар ўтказди.
ТИВ матбуот хизматининг хабар беришича, суҳбат чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион ва бошқа соҳалардаги кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Туркия томони COVID-19 тарқалиши ва Сардоба сув омборидаги фавқулодда вазиятнинг салбий оқибатлари билан курашда Ўзбекистонга кўрсатаётган амалий ёрдами учун миннатдорчилик билдирди.
Тошкентда бўлиб ўтадиган олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи мажлисига тайёргарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, тадбир кун тартибини тезкор равишда келишиш ва Стратегик режалаштириш гуруҳи ва вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувлар шаклидаги музокараларнинг навбатдаги раундларини ўтказиш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, жорий йилга режалаштирилган бошқа қўшма тадбирларнинг жадвали ва кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон—Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши 2020 йил 19 февраль куни Анқарада бўлиб ўтганди. Унда кенгашнинг биринчи йиғилиши натижалари тўғрисида қўшма баёнот, шунингдек, иқтисодиёт, савдо, технологиялар соҳасига оид ҳужжатлар имзоланганди. Шавкат Мирзиёев Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш учун Ражаб Тоййиб Эрдўғонни Ўзбекистонга таклиф қилган.
Изоҳ (0)