Украина Европа қўллаб-қувватлаган тинчлик режаси доирасида жанговар ҳаракатларни тўхтатишга ва Россия армияси назорат қилаётган ҳудудлардан воз кечишга тайёр. Бу ҳақда The Telegraph хабар берди.

Президент Владимир Зеленский дастлаб европалик ҳамкорларини ҳудудий ён босишни назарда тутувчи ҳар қандай келишувни рад этишга чақирганди. Шунга қарамай, у Россия аллақачон эгаллаб олган ерларининг бир қисмини сақлаб қолиши мумкинлигини истисно этмади.
Бу фронт чизиғини ҳозирги кўринишида “музлатиб қўйиш”ни, яъни Луганск, Донецк, Запорожье, Херсон вилоятлари ҳамда Қримнинг эгалланган ҳудудлари устидан назоратни Россияга ўтказишни англатади. Ён босиш эҳтимоли АҚШ ва Россия раҳбарларининг 15 август куни Аляскада бўлиб ўтадиган учрашуви арафасида муҳокама қилиниши мумкин.
Режа фақат Россия қуролли кучлари назоратидаги ҳозирги позицияларга тааллуқли бўлиши мумкин, деди Ғарб расмийларидан бири.
Украина ва Европа давлатлари Зеленский иштирокисиз Трамп ва Путин урушни тўхтатиш бўйича келишиб олишидан хавотирда.
Менда кўплаб хавотирлар ва кўплаб умидлар бор, деди Польша бош вазири Дональд Туск.
АҚШ вакиллари музокаралар олдидан Европа етакчилари билан маслаҳатлашишга ваъда берган. Европада энг катта хавотир уйғотаётган нарса — Москва таклиф қилган тинчлик режаси. У фронтни Украинанинг жануби-шарқида “музлатиш”ни назарда тутади. Бу режага кўра, Киев Донецк ва Луганск вилоятларидаги ўз назоратидаги ҳудудлардан чекинишга рози бўлиши керак.
Европа дипломатларига кўра, Путин урушдаги мақсадларини ўзгартирмаган. У Украинадаги Европа тарафдори бўлган ҳукуматини ағдариб, унинг ўрнига Москвага содиқ “қўғирчоқ режимни” ўрнатмоқчи.
АҚШ Урушни ўрганиш институти маълумотига кўра, Россия ҳануз Киевнинг “тўлиқ таслим бўлишини” талаб қилмоқда. Бу талаблар қаторига НАТОга аъзо бўлмаслик ва Украинани қуролсизлантириш ҳам киради.
Зеленский Путин урушни тугатишига ишонмаяпти
11 август куни Украина президенти тинчлик музокаралари яқинлашаётганига қарамай, Россиянинг урушни тугатишга тайёрлиги бўйича ҳеч қандай белгиларни кўрмаётганини айтди.
Аксинча, улар янги ҳужумларни бошлаш учун қўшин ва кучларини кўчирмоқда, деди у Украина разведкаси маълумотларига асосланиб.
Украина, ҳатто ҳудудларининг бир қисмидан воз кечишга рози бўлса ҳам, тинчлик битими қуроллар етказиб бериш ва НАТОга аъзо бўлиш имкониятини сақлаб қолиши керак.
Изоҳ (0)