Тошкент шаҳрида биргина 7 июннинг ўзида соат 18:00 га қадар 185 кишида коронавирус инфекцияси тасдиқланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари шундан далолат бермоқда.

ССВнинг 7 июнь куни соат 10:00 даги ахборотида Ўзбекистонда 87 кишида коронавирус тасдиқлангани, уларнинг бари Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлган фуқаролар экани маълум қилинган эди.

Вазирликнинг соат 18:00 даги ахборотида мамлакат бўйича яна 121 кишида касаллик тасдиқлангани, уларнинг 98 нафари Тошкентдан экани кўрсатилган — уларнинг бари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлганлар.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу 185 киши касалликни айнан кимлардан юқтиргани (касаллик юқишининг занжир кетма-кетлиги) ҳақида ахборот берганича йўқ.

Қайд этиш жоиз, сўнгги бир неча кундан бери пойтахтда аҳоли орасида мунтазам равишда коронавирусга чалинганлар аниқланаётган эди — 6 июнь куни 10 кишида, 5 июнь куни 9 кишида, 4 июнь куни 4 кишида касаллик қайд этилган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 6 июнь куни Қоратошдаги Mediapark’нинг икки ходимида, 5 июнь куни эса Олмазор туманидаги нафақадаги фуқарода, «Ўрикзор»даги яна бир сотувчи ва унинг беш нафар оила аъзосида, 4 июнь куни эса Шайхонтоҳур туманида вақтинча яшовчи фуқаро, шу тумандаги қурилиш фирмаси ходими, Миробод туманидаги пенсионер, Юнусобод туманида яшовчи фуқаро коронавирус инфекциясини юқтириб олгани маълум бўлган эди.

Бир кунда 185 кишида касаллик аниқланиши — бу нафақат Тошкент шаҳри учун, балки бутун Ўзбекистон учун ҳам рекорд кўрсаткичдир (маълумот учун, ҳали якунига етмаган 7 июнь давомида Ўзбекистон бўйича 208 кишида касаллик аниқланди).

Шу вақтгача Ўзбекистонда касалланиш ҳолатлари бўйича кунлик энг юқори кўрсаткич 14 апрель куни қайд этилган, ўшанда 167 кишида касаллик тасдиқланган эди. Касалланганлар сони сўнгги бор 26 май куни 100 кишидан ошган эди — ўшанда бутун кун давомида 101 кишида коронавирус аниқланган.