«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола «Арсенал»га ўтиб кетган Микель Артета ўрнига ўзига янги ёрдамчи топди.
Marca нашрининг хабар қилишича, Гвардиоланинг янги ассистенти испаниялик Хуанма Лильо бўлади. Пеп уни ўзининг устози деб билади ва «маэстро» деб атайди.
Лильо 1980 йиллардан буён мураббийлик қилиб келади. 30 ёшида «Саламанка» устозига айланган мутахассис, Ла Лига тарихидаги энг ёш мураббийлар сирасига киради. У Йохан Кройфнинг шогирди ҳисобланади ва иш услуби Гвардиоланики билан ўхшаш.
Ҳозирда 54 ёшли мутахассис Хитойнинг «Синдао Хайню» жамоасида фаолият юритмоқда, бироқ яқин орада клубни тарк этади. Аввалроқ у Япониянинг «Виссел Кобе» клубида Андрес Иньеста, Давид Виля ва Лукаш Подольски каби футболчилар билан бирга ишлаганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!