Фарғона вилояти Сўх туманига янги ҳоким тайинланди. 3 июнь куни Фарғона вилояти Сўх туманида бўлиб ўтган Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияда мазкур масала кўриб чиқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: ЎзА

Маълум қилинишича, 2019 йилдан буён Сўх тумани ички ишлар бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган Сайидбаҳром Сайидмусаев Сўх тумани ҳокими этиб тайинланди.

Фото: Сўх туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Сайидбаҳром Сайидмусаев 1970 йилда Қўштепа туманида туғилган. Фарғона давлат университети, ИИВ академиясини тамомлаган. У Қува, Бешариқ туманлари ҳамда Қўқон шаҳар ИИБ бошлиғи ҳамда вилоят ИИБ жиноят қидирув бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон—Қирғизистон чегарасида жойлашган Чашма булоғи олдида 31 май куни икки мамлакат фуқаролари ўртасида зиддият келиб чиққан. Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 1 июнь куни воқеа юз берган жойга ташриф буюрди ва аҳоли билан учрашди. Шунингдек, Абдулла Арипов Қирғизистон расмийлари билан учрашиб, ҳодиса юзасидан музокара олиб борди. Шу куни, Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари мазкур ҳодисани телефон орқали муҳокама қилди. Ўзбекистон ҳукумати аъзолари ҳудуддаги муаммоларни ўрганиш учун 2 июнь куни у ерга ташриф буюрди.

Можаро оқибатида 187 нафар ўзбекистонлик касалхонага ётқизилган, Ўзбекистон томонда учта хонадон ёниб кетган. Қирғизистоннинг Боткен вилоятида эса уй ва омборхона ёниб кетган, шунингдек, 25 киши жароҳат олган.

Бундан ташқари, бош вазир Абдулла Арипов билан бўлиб ўтган учрашувда сўхликлар вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевдан норози эканлигини ҳам билдирган.