SpaceX раҳбари Илон Маск ва NASA директори Жим Брайденстайн ичида астронавтлар бўлган Crew Dragon кемасининг Халқаро космик станция томон муваффақиятли учирилгани бўйича биргаликда матбуот анжумани ўтказди, деб хабар беради Meduza.

Кадр: Twitter

Анжуман давомида журналистлар Америка кемасининг учирилишига сўнгги ўн йилдан буён астронавтларни ўзининг «Союз» кемаларида ХКСга еказиш бўйича монополга айланган россиялик ҳамкасблари қандай қарагани билан қизиқди.

Брайденстайн ҳали «Роскосмос» раҳбари Дмитрий Рогозин билан гаплашмаганини, бироқ русларнинг табрикларини кўрганини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, бу космик соҳа бўйича АҚШ ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик давом этишига бўлган ишончни билдиради.

Шундан сўнг Илон Маск ҳазиллашиб «Батут ишлаяпти» («The trampoline is working») дея қўшимча қилган ва бу «ички ҳазил» эканлигига аниқлик киритган. NASA раҳбари ҳам «биламан» дея кулиб жавоб қайтарган.

Маскнинг бу каби жавоби Рогозиннинг 2014 йилдаги чиқишига тегишли. Ўшанда Рогозин АҚШга «ўз астронавтларини ХКСга батут ёрдамида етказиш»ни таклиф қилганди.

«Роскосмос» раҳбари ҳозирча SpaceX миссияси ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермаган. Корпорация номидан учувчи-космонавт ва «Роскосмос» ижрочи директори Сергей Крикалев чиқиш қилган.