Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида коронавирусга чалинган бир оиланинг етти нафар аъзоси билан мулоқот қилгани маълум бўлган 268 нафар фуқаро уй карантинига олинди. Бу ҳақда «Дарё»га Шофиркон ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича туман штабидан олинган маълумотга кўра, COVID-19 вируси аниқланган фуқаролар билан мулоқотда бўлган 80 та хонадон вакили 23—29 май кунлари карантинга олинган.

«Карантинга олинган хонадонларга кириб-чиқишни назорат қилиш учун жами 26 нафар ИИБ, Миллий гвардия ходими жалб қилинган. Ҳудуд кун-у тун қўриқланмоқда», — дейилади туман ҳокимлиги ахборотида.

Қўшимча қилинишича, туман штаби коронавирус юқтирган ва ҳозирда шифохонада даволанаётган фуқаролар билан мулоқотга киришганларни аниқлашда давом этмоқда.

«Шофиркон туманида юзага келган ҳолат вилоятда коронавирус пандемиясига қарши кураш чораларини кучайтиришни талаб қилмоқда. Вилоят махсус комиссияси қарорига кўра, халқаро юк машиналарининг кириб келиши билан боғлиқ масалада ҳам қатъий назорат ўрнатиш белгиланди», — деди вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи, коронавирус пандемиясига қарши махсус штаб раҳбари Акобир Ашуров.

Эслатиб ўтамиз, туманда бир оиланинг етти нафар аъзосида коронавирус аниқлангач, туманга кириб-чиқиш тўхтатилганди.