Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманида чўл ҳудудидаги ерости қазилма бойликлари заҳирасидан ноқонуний тарзда оҳактош қазиган фуқаро 2 миллион 223 минг сўм жаримага тортилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари томонидан ҳудуддаги Жарқоқ массивида махсус рейд ўтказилган.
Тадбирда хусусий экскаваторида оҳактош қазиб олиб, юк автомобилига жойлаётган фуқаро Б.Ш. воқеа жойида қўлга тушган. Суриштирув жараёнида фуқаро хом ашёни аввал ҳам кўп миқдорда қазиб олгани ва мазкур ишдан даромад олишни кўзлагани маълум бўлган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 70-моддаси 1-қисми (Ерости бойликларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш талабларини бузиш) билан айбланган Б.Ш. 2 миллион 230 минг сўм жаримага тортилган. Такрорий ўғрилик содир этса, жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилган.
Изоҳ (0)