Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистондаги мактабларда ўтиши лозим бўлган якуний имтиҳонларни бекор қилиш бўйича қарор қабул қилди. Бу ҳақда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Telegram’даги каналида маълум қилган.

Фото: «Дарё»

Карантин вақтида аҳолига имкон борича қўшимча қулайлик яратиш бўйича белгиланган вазифаларни амалга ошириш ҳамда кўпчилик ота-оналарнинг илтимосларини инобатга олиб, бу ўқув йили якунидаги имтиҳонлар бекор қилинади.

Мактабларга ўқувчиларнинг йиллик баҳоларини истисно тариқасида ушбу ўқув йилининг 3 та чорак баҳолари асосида чиқариш тавсия этилади. Шу билан биргаликда ‘kundalik.com’ тизими жорий этилган мактабларда карантин вақтида тиришқоқлик билан ўқиган ўқувчиларимизга рағбатлантириш сифатида 4-чоракдаги фақат ижобий баҳоларини ҳам йиллик баҳоларини ҳисоблашда инобатга олиш тавсия этилади.

Карантин вақтида ‘онлайн-мактаб’ орқали фарзандлари билан бирга дарс тайёрлаган барча ота-оналарга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз!

Шерзод Шерматов, халқ таълими вазири

30 апрелда Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистондаги мактабларда имтиҳонлар бекор қилингани ҳақидаги хабарларни рад этганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус аниқланганидан кейин барча таълим муассасалари ёпилган. Мактаб ўқувчилари учун бир қатор телеканалларда видеодарслар эфирга узатилмоқда. Карантин вақтида теледарслар ўтаётган ўқитувчилар Тошкентдаги Президент мактабига жойлаштирилган.