Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омборида 1 май куни юз берган авария сабабларини ўрганиш учун халқаро экспертлар гуруҳи чақирилган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 15 май, жума куни Сирдарё вилоятига сафари давомида маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Талафот ҳеч кимни аямайди. Бу ерга ҳозир Франция, Туркия, Россия, Осиё мамлакатларидан дунёнинг энг зўр экспертлари келади. Улар шу фалокатнинг олдини олиш мумкинмиди, сабаби нима, деган масалалар бўйича холисона баҳо беради», — деди Президент.

«Иккинчидан, келажакда бу сув омборидан қандай фойдаланамиз, бу бало яна такрорланмаслиги учун қандай чоралар кўриш керак — буни сизлар билан маслаҳат қилиб, кейин тиклаймиз», — дея қўшимча қилди давлат раҳбари сардобаликлар билан мулоқот вақтида.

Аввалроқ, 5 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев сув омбори масаласида халқаро экспертларни жалб этган ҳолда барча дамбалар чуқур экспертизадан ўтказилишини, шундан сўнг якуний хулоса чиқарилишини таъкидлаган эди.