Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида турар жойларни сув босганлиги сабабли Ўзбекистон томонига нота юбориш масаласи кўриб чиқилмайди. Бу ҳақда Қозоғистон ТИВнинг расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди, деб хабар бермоқда Kazinform.
Айбек Смадияровнинг айтишича, Ўзбекистон ҳудудидаги Сардоба сув омборининг бузилиши ва Туркистон вилоятидаги бир қатор аҳоли пунктларини сув босиши ҳукуматнинг алоҳида назорати остида.
«Маълумки, шу йил 2 май куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот қилди ва суҳбат давомида томонлар вазиятни муҳокама қилди ҳамда икки мамлакат ҳукуматлари биргаликда ишлашига келишиб олди», — деган у.
Мавзуга доир: Шавкат Мирзиёев Сардоба сув омборидаги фавқулодда ҳодисани Қозоғистон президенти билан муҳокама қилди
«Туркистон вилояти ҳокими Умрзоқ Шукеев шошилинч равишда Ўзбекистоннинг қўшни вилоятларига ташриф буюрган. У ўзбек томони билан зарур музокаралар олиб борди ва унинг натижалари тўғрисида ҳукуматнинг бугунги йиғилишида ҳисобот берди. Маълумки, бош вазир ўринбосари Роман Скляр бошчилигидаги ҳукумат комиссияси тузилган. Эртага у биргаликда ҳаракатлар алгоритмини ишлаб чиқиш учун Туркистон вилояти ва Ўзбекистонга ташриф буюради», — деб қўшимча қилган у.
Шунингдек, икки томон ўртасидаги барча алоқалар «Абадий дўстлик ва стратегик шериклик тўғрисида»ги шартнома ва «Трансчегаравий сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги конвенция қоидаларига тўла мос равишда амалга оширилишини таъкидлаган.Мавзуга доир:
- Қозоғистон Ўзбекистон билан чегарани очмоқчи — ўзбекистонлик мутахассислар тошқин оқибатларини бартараф этишда ёрдам бериши учун
- Қозоғистон ҳукумати вакили: Ўзбекистон Сардоба сув омборининг қурилишини биз билан келишмаган
- Громов: Ўзбекистон сув хўжалиги вазири ўринбосари қўнғироқ қилиб, сув Қозоғистонга ўтмаслигини таъкидлаган эди
- «Ўзбекистон биз томонга бир томчи сув ҳам оқмаётганини айтганди». Мақтаарал туман ҳокими Қозоғистондаги яна бир қишлоқни сув босгани ҳақида