Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг яна 48 нафари тузалиб, жами соғайганлар сони 1454 нафарга етди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Бухорода 35 нафар бермор соғайиб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилган. Уларнинг 20 нафари Россиядан чартер рейс билан Бухорога олиб келинган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, шифохонага жойлаштирилган. Қолган 15 нафари эса коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олишган. Уларнинг 26 нафари эркак, 9 нафари аёллар бўлиб, энг ёши каттаси 83 ёшли отахон бўлса, энг ёши кичиги 4 ёшли бола эканлиги айтилган.
Айни пайтда касалхонада яна 67 нафар бемор даволанмоқда.
Самарқанд вилоятида 10 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайиб, реабилитацияга кузатилди. Тузалганларнинг барчаси ушбу вилоятдан бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Уларнинг энг ёши каттаси 48 ёшда, энг ёши кичиги эса 16 ёшдалиги маълум қилинди. Вилоятда шу пайтга қадар 24 нафар бемор тузалган бўлса, эндиликда улар 34 нафарни ташкил қилмоқда.
Тошкент шаҳридаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 4 нафар бемор соғайиб чиққан. Уларнинг 3 нафари пойтахтдан, 1 нафари эса Тошкент вилоятидан бўлиб, улар ҳам коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Соғайганларнинг 2 нафари эркак, 2 нафари аёл бўлиб, энг ёши каттаси 50 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 6 ёшда экани айтилган. Айни пайтда Тошкент шаҳрида тузалганлар 459 нафарга етди.
Шундай қилиб, 5 май, 14:05 ҳолатига кўра, Ўзбекистон бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар 1454 нафарни ташкил этмоқда.
Ўзбекистонда 4 май соат 23:00 дан буён коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ бирорта янги ҳолат қайд этилмади.