Шимоли-ғарбий ҳарбий округдан 300 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчи ҳамда 20 га яқин ҳарбий ва махсус техника Сирдарё вилоятининг Сардоба сув омборида содир бўлган авария оқибатларини бартараф этиш учун 3 май куни Нукус шаҳридан жўнаб кетган эди.
Округ матбуот хизматининг «Дарё»га маълум қилишича, айни вақтда ҳарбий хизматчилар Оқолтин тумани аҳолиси ва ёрдамга келган бошқа ишчилар билан Бирлик кўчасидаги уйларда таъмирлаш-тозалаш ишларида фаол иштирок этишмоқда.
Қайд этилишича, тошқин суви охиригача кетмаган бўлса ҳам вақтни йўқотмаслик учун асосий куч сув сатҳи пасайган уйлардаги ишларга жалб этилган.
Ҳарбий хизматчиларнинг кучи аҳоли истиқомат қилган уйларда тозалаш ва нураб қолган иншоотларни тиклашга йўналтирилган. Шу билан бирга йиғилиб қолган ахлатлар, синган шох-шаббалар тозаланиб, ҳудуд тартибга келтирилмоқда.
Мудофаа вазирлигининг қолган ҳарбий округлари ҳам сирдарёликларга амалий ёрдам бериш мақсадида фавқулодда ҳолат юзага келган ҳудудга куч ва воситалар юборгани таъкидланган.
Ҳарбий ва махсус техникаларни сақлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг вақтинча яшаши учун алоҳида ҳудудлар берилиб, шароитлар яратилган.
Аввалроқ Марказий ҳарбий округ аскарлари Сардобадаги табиий офат оқибатларини бартараф этишда қатнашаётгани ҳақида хабар берилган эди.