Сирдарё вилоятида сув тошқинидан азият чеккан аҳолини қутқариш ишларида вертолётлардан ҳам фойдаланилмоқда. Бу ҳақда Telegram’даги @aviaspotter ва «Новости Ташкентского Небо» каналлари хабар берди.

Фото: Telegram / @Tashkent_SkyNews

Қайд этишларича, Ўзбекистон ҳарбий-ҳаво кучларининг ҳарбий экипажлари Сирдарё вилоятининг Сардоба сув омбори тўғони ёрилиб кетган ҳудудига биринчилардан бўлиб етиб борган.

«H215M Super Puma ва H125M Fennec вертолётлари учувчиларининг профессионализми шарофати билан ФВВ ходимлари уйлар томи ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларда қолиб кетган 300 дан ортиқ одамни эвакуация қилишга муваффақ бўлди», — дейилади хабарда.

Фото: Telegram / @Tashkent_SkyNews

Фото: Telegram / @Tashkent_SkyNews

Фото: Telegram / @Tashkent_SkyNews

Фото: Telegram / @Tashkent_SkyNews

Аввалроқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги сув тошқинидан жабр кўрган 138 киши қутқарилгани, қутқарув ишларида моторли қайиқлардан фойдаланилганини маълум қилган эди.

Умуман, Сардоба сув омбори тўғони ёрилиб кетганидан сўнг хавф ҳудудида истиқомат қилган 70 мингга яқин аҳоли Сирдарё вилоятининг бошқа ва Жиззах вилояти ҳудудларига кўчирилган.

Сув тошқинидан жиддий зарар кўрган икки аҳоли пунктидан бири — «Қўрғонтепа» маҳалласи раисининг сўзларига кўра, унинг фермер маҳалладоши тошқин вақти жонини хатарга қўйиб, икки қизалоқни сувдан чиқариб, қутқариб қолган.