Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Сардоба сув омборидаги авария оқибатларини бартараф этиш ишларига кўмаклашиш мақсадида тезкор равишда тиббиёт ходимларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилди.
Вазирлик томонидан аҳолига тиббий ёрдам бериш ва ушбу ҳудудда турли инфекциялар тарқалмаслиги учун қатъий эҳтиёт чораларини кўриш ҳамда эпидемик вазиятни тўлиқ назоратга олишнинг аниқ режаси ишлаб чиқилди.
Айни пайтда Сирдарё вилоятида вазирлик раҳбарияти бошчилигида реаниматолог, кардиолог, терапевт, невропатолог, эндокринолог, травматолог, инфексионист, эпидемиолог каби қатор мутахассислардан иборат штаб тузилган.
«Мамлакатимизда фаолият кўрсатувчи 200 дан зиёд тиббиёт ходими талафот кўрганларга тиббий хизмат кўрсатиш учун қўшимча куч сифатида сафарбар этилди», — дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Улар сув тошқини оқибатида зарар кўрганлар ва эвакуация қилинган аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш, ҳудудда юқумли касалликлар тарқалишини олдини олиш мақсадида санитар талабларга риоя қилиш, дезинфекция ишларини амалга ошириш каби вазифаларни бажармоқда.
Бундан ташқари, вазирлик томонидан Сирдарё вилоятига 50 турдаги энг зарур дори-дармонлар, портатив УТТ, кардиомонитор, пулсоксиметр, пирометр каби кўплаб турдаги тиббий жиҳозлар, 700 минг дона шахсий ҳимоя ва гигиена ҳамда дезинфекция воситалари ҳам юборилган.
«Ушбу келтирилган тиббий жиҳозлар, дори-дармон ва шахсий ҳимоя воситалари туман тиббиёт бирлашмаси, тез тиббий ёрдам станциялари билан бир қаторда офатдан жабрланганлар ва эвакуация қилинган аҳолига етказиб берилди», — дейилади вазирлик ахборотида.
Изоҳ (0)