2020 йилнинг баҳорида бўлиб ўтиши кутилган Watches & Wonders кўргазмаси эпидемия сабаб онлайн тарзда ўтказилди. Elle нашри кўргазмада янги моделлар билан қатнашган Hermès соатларига тўхталди.

Arceau L’heure de la lune соатлари

Фото: Elle

Arceau L’heure de la lune модели ўзига хос услубда ишланган, унинг циферблатида коинот ҳамда ой акс этган бўлиб, соат мили ва рақамлари ҳам ноанъанавий жойлаштирилган. Корпус қалинлиги 4,2 мм ни ташкил этади, унинг минимал услубдаги дизайни кишини ўзига жалб этмай қолмайди.

Cape Cod Martelée соатлари

Фото: Elle

Мазкур тўртбурчак корпусли соат модели илк бор 1991 йилда тақдим қилинган бўлиб, унинг эскизи Анри д’Ориньи томонидан чизилган. Ушбу классик услубдаги соат зарб бериб ишлаш техникаси асосида ишланган. Соатнинг ортиқча ранглардан холи дизайни, ўзига хос чарм камари ушбу моделга жиддий қиёфа берган.

Nantucket Jeté de Chaîne d’Ancre соатлари

Фото: Elle

Мазкур кичик ҳажмли соат бир қарашда аёлларга хос нозиклик, шу билан бирга, ўзига яраша жиддийликни ифодалайдигандек гўё. Циферблат ҳошиясидаги сочма бриллиантлар корпусга кўрк бағишлаган. Бузоқ ва аллигатор терисидан ишланган ранг-баранг ёрқин камарлар соатни янада жозибали қилади.

Slim d’Hermès GMТ соатлари

Фото: Elle

Slim d’Hermès соатида, асосан, оддийлик ва сиполик уйғунлигига эътибор берилган. Буни корпуснинг ингичкалиги, Филипп Апелуа томонидан махсус ишланган оригинал шрифтдан ҳам билиш мумкин. Пушти олтиндан ишланган GMТ модули саёҳатчилар учун айни муддао. У орқали нафақат вақт, кун, ойни, балки жойлашув ўрнини ҳам билиш мумкин.

Arceau Squelette соатлари

Фото: Elle

Пўлатдан ишланган думалоқ корпусли мазкур моделнинг циферблат ҳошияси сапфирдан. Соатнинг ишлаш механизмини циферблатдан томоша қилиш ва ҳар бир деталлни кузатиш мумкин. Соатнинг чармли қора камари, корпуси ва циферблати Hermès Horloger устахонасида ишланган.

Аrceau Cheval Cosmique

Фото: Elle

Ушбу соатга туширилган от сурати моделнинг ўзига хослигини таъминлайди. Таъкидланишича, мазкур моделдаги бир суратни тушириш учун 1 ҳафта вақт кетган, соатлар эса фақатгина 24 нусхада чиқарилган.