Туркманистоннинг бир қатор вилоятларида 27 апрель куни кечаси ёмғир аралаш кучли шамол ёпирилди. «Хроника Туркменистана»нинг ёзишича, улар орасида Лебап вилояти кўпроқ зарар кўрган.
Қайд этилишича, шамолнинг тезлиги сониясига 40 метргача етган бўлиб, бунинг оқибатида устунлар ва дарахтлар қулаган, кўплаб уйларнинг томлари учиб кетган. Айрим ҳудудларда электр таъминоти узилиб, алоқа йўқолган.
Давлат ва ҳукуматга қарашли туркман оммавий ахборот воситалари содир бўлган воқеа ҳақида ҳеч қандай хабар бермагани таъкидланган.
Довул Ўзбекистоннинг Туркманистон билан чегарадош ҳудудларига ҳам етиб борган. Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларига 28 апрелга ўтар кечаси ёпирилган шамол тезлиги сониясига 40 метргача етган. Бунинг оқибатида ҳудудларда электр ва газ таъминотида узилишлар юзага келган.
Улар орасида айниқса Бухоро энг катта талафот кўрган. Ушбу табиий офат оқибатида вилоят бўйича 5 293 та бино, 415 та транспорт воситаси, 42 400 та дарахт талафот кўрган ва 295 та табиий газ ва электр таъминотида авариялар содир бўлган, 41 нафар шахс турли даражада тан жароҳати олган, 1 киши вафот этган.
Президент Шавкат Мирзиёев 28 апрель, сешанба куни, Бухоро вилоятига ташрифи давомида кучли шамол оқибатида жиддий зарар кўрган Олот тумани марказида фаоллар билан учрашган, у ерда аҳолига ҳар томонлама кўмаклашиш ҳақида топшириқ берган.
Изоҳ (0)